Kun.uz’га мурожаат йўллаган аҳоли қурувчилар эътирозларни инобатга олишмаётгани ҳақида маълум қилишди:
“Тегирмонбоши маҳалласидаги стадиондан 40 йилдан бери фойдаланиб келамиз. Қишлоқда бундан бошқа стадион йўқ. Шуни ҳам кўп кўришди чоғи, қайсидур тадбиркор келиб стадион ўрнида қуёш паннеллари ўрнатмоқчи бўляпти. Лойиҳалари ҳам тайёр экан.

Аҳоли қаршилик қилса ҳам ҳоким қарори бор деган важ билан қурилишни давом эттиришмоқчи. Президентимизнинг футбол стадиони ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ва сотувга чиқарилишини тақиқловчи янги қарорлари ҳақида айтсак ҳам писанд қилишмаяпти”, дейди мурожаатчилардан бири.
Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов билан телефон орқали боғланди.

Туман ҳокимига кўра, ҳақиқатан ҳам Тегирмонбоши маҳалласида футбол майдончаси ўрнида қуёш электр станцияси қурилиши режалаштирган.
“Тегирмонбоши маҳалламизда яшил энергия лойиҳаси бўйича 200 киловаттлик қуёш панели ўрнатиш ҳаракатида эдик. Бундан мақсад аҳолини иш ўрни билан таъминлаш эди. Кам таъминланганларни ишга қабул қилиб лойиҳадан тушган пул маблағини маҳалланинг ҳисоб рақамига тушириш кўзда тутилганди. Бош мақсад эса маҳалланинг инфратузилмасини яхшилашга қаратилган эди.
Лекин аҳоли норози бўлаётгани учун қуёш электр станциясини маҳалла стадиони майдонида эмас, балки бошқа ҳудудда қурадиган бўлдик. Стадион ўз фаолиятини давом эттиради”, дейди туман ҳокими.
Маълумот ўрнида, президент қарорига асосан, 2025 йил 1 октябрдан эътиборан “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури бошланади.
Дастур доирасида:
- маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан онлайн аукционга чиқарилади;















