Жаҳон | 07:19 / 16.01.2018
11159
2 дақиқада ўқилади

Токио Шимол билан уруш ҳолатига Жанубдан японларни эвакуация қилишга тайёрланмоқда – ОАВ

Фото: Reuters

Токиода Шимолий Корея билан уруш содир бўлгудек бўлса, Жанубий Корея ҳудудидан Япония фуқароларини эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Япония ҳукуматидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Yomiuru нашри хабар бермоқда.

Нашр манбаларининг маълум қилишича, бундай вазиятда аэропортлардан фойдаланишнинг иложи бўлмаса, японлар Жанубий Корея жанубидаги Пусан портига шошилинч эвакуация қилинадилар. У ерда Япония ва АҚШ кемалари японларни Пусандан 50 км узоқликда жойлашган, Япониянинг Нагасаки префектурасидаги Цусима оролига олиб борадилар. У ерда одамлар махсус жиҳозланган лагерларда 1-2 кунга жойлаштириладилар. Сўнгра япон кемалари одамларни Фукуока префектурасидаги Кюсю оролига етказади.

Япония ҳукуматида таъкидланишича, Токио Жанубий Кореядаги АҚШ фуқароларини ҳам эвакуация қилишга тайёр. Ҳозир ҳукуматдаги амалдорлар Цусимага ташриф буюриб, оролда қанча одамни жойлаш мумкинлигини баҳолашмоқда. Токио, шунингдек, оролда эвакуация учун зарур инфратузилмани барпо этишга тайёр.

Декабрь охирида Япониянинг миллий хавфсизлик кенгаши Корея яриморолида уруш бошланишининг 4 сценарийсини кўриб чиқаётгани маълум бўлганди. Улар қаторидан Жануб ва Шимолнинг тасодифий ҳарбий ихтилофга бориши, АҚШнинг Шимолий Кореяга огоҳлантирувчи зарба бериши, Шимол қўшинларининг Жануб ҳудудига бостириб кириши ва Пхеньяннинг Токиога ракета зарбаси бериши сценарийлари ўрин олган.

Шимолий Корея декабрь охирида ҳарбий қудратини янада ошириб боришини ва ядровий дастурини ривожлантиришини маълум қилганди. Шимолий Корея ҳукуматининг таъкидлашича, бу АҚШ ва унинг иттифоқдошлари томондан ядровий таҳдид ва қўрқитиш бас қилинмагунча давом этади.

Мавзуга оид