Технология | 22:13 / 17.01.2018
6711
3 дақиқада ўқилади

2026 йилга бориб йирик шаҳарларда 2500 учар такси хизмат кўрсатади

Фото: AirSpaceX

Airspace Experience Technologies (AirSpaceX) компанияси Детройтдаги автосалонда вертикал парвоз ва қўнишни амалга оширувчи автоном ҳаво таксисининг кичик нусхасини намойиш қилди. Бу такси соатига 400 километр тезликда икки йўловчини ташишга мўлжалланган. New Atlas шу ҳақидаги хабари билан бўлишди

Detroit Aircraft Corporation (DAC) бўлими томонидан ишлаб чиқилган Mobi-One аппарати ер усти шаҳар транспортининг экологик соф ва шовқинсиз муқобили бўлиши керак. Унинг асосида иқтисодий жиҳатдан фойдали маҳсулотни ишлаб чиқаришни таъминловчи "бежирим автомобиль дизайни ва серияли ишлаб чиқариш технологияси" ётади. 

Mobi-One учар такси тўрт электромоторда ҳавога кўтарилади ва бу ишни вертолётга нисбатан анча шовқинсиз бажаради. У 200 кг'гача юк ташишга  мўлжалланган. Унинг крейсерлик тезлиги - 241 км/с, аккумуляторнинг бир марталик зарядида парвознинг узоқлиги - 104 км'ни ташкил қилади.

Учар қурилма авиацион электрон жиҳозлардан ташқари, кенг тармоқли интернет алоқа, тўқнашувларнинг олдини олувчи V2X тизими ва хавфсизликни таъминловчи бошқа  воситалар билан таъминланган. Mobi-One'дан йўловчи ва юкларни ташишдан ташқари, жабрланганлар ёки беморларни фавқулодда эвакуация қилиш, разведка ёки илмий тадқиқотларга доир маълумотларни тўплашда фойдаланиш мумкин.

Mobi-One учар таксиларини ишлаб чиқаришда Ford GT 2005 ва 2006 бош конструктори Камило Пардо иштирок этади. Тўлиқ ҳажмли версия тез орада АҚШ Федерал Фуқаролик авиацияси бошқармаси сертификациясидан ўтиши керак. 

"Бизнинг мақсадимиз — 2026 йилга бориб 50 йирик шаҳарда 2500 учар аппаратдан иборат флотни йўлга қўйиш, - дея маълум қилади AirSpaceX тижорат директори Жей-Пи Йорро. - MOBi ривожланиш дастури капитал сиғимли бўлади, бироқ ҳаво транспорти хизмат тури сифатида иқтисодиётга миллиардлар келтириши мумкин". 

Яқинда Лас-Вегасда бўлиб ўтган CES кўргазмасида Германиянинг Volocopter компанияси VC200 аэротаксисини намойиш этди. У ўзининг 18 винти билан кўпроқ вертолётни ёдга солади. Бундай учар таксилар 2021 йилдан бошлаб Дубай аҳолиси ва меҳмонларини таший бошлайди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид