10:49 / 10.02.2023
56126

Учар таксилар — улар реалликка айланишига озгина қолди

Ривожланган давлатлардаги тирбанд шаҳарларда йўловчиларни ташиш, юк ташиш, «тез ёрдам» машиналари учун учар машиналардан фойдаланиш устида ишлашмоқда. Илм-фан ривожланаверар экан, инсоният бир манзилдан иккинчисига етиб олиши учун кичик тикучар машиналардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Фото: REUTERS/Christian Hartmann

Фаннинг ажойиботлари туфайли яқин орада шаҳарлараро саёҳатларга кетадиган вақт 75 фоизга қисқариши мумкин. Бу — вертикал учиш ва қўниш самолётлари («VTOL» — инглизча қисқартмаси) орқали реалликка айланиши мумкин. Улар вертолётларга ўхшаб кетади, бироқ қанотлари вертолётникидан бошқача. Яна VTOLʼлар учиши ва қўниши учун махсус йўлаклар шарт эмас. Ўз номи билан улар қўниш майдончаларисиз вертикалига уча олади ва қўнади.

VTOLʼлар тирбанд шаҳарларда йўловчиларни турли манзилларга ташиши, «Тез ёрдам» машинаси ёки етказиб бериш хизмати учун транспорт вазифасини бажариши мумкин.

Учар машиналар — VTOLʼлардан фойдаланиш бошқа транспортларга қараганда арзонроқ тушади. Қолаверса, бу транспорт воситаси табиатга зарари нисбатан камроқ ҳам. Сабаби унинг ҳаракатланиши учун электр батареялардан ёки водород каби тоза ёқилғилардан фойдаланилади.

VTOLʼлар қандай ҳаракатланади?

VTOLʼлардан ҳар қандай ҳудудда фойдаланиш мумкин, лекин алоҳида йўлак талаб қилинмаслиги сабабли улар, айниқса, шаҳар ҳудудларига мос келади. АҚШнинг Aurelia Aerospace компанияси маълумотларига кўра, VTOLʼларнинг қанотлари вертолётларникидан бошқачароқ экани сабабли улар узоқроқ ва баландроқ уча олади. Масалан, компаниянинг Aurelia Q1 моделидаги «учар машина» 2,5 соатгача ва 20 км баландликкача уча олади.

Фото: Aurelia Aerospace

Европа Иттифоқи Авиация хавфсизлик агентлиги маълумотига кўра, юк ташишга мўлжалланган VTOLʼлар учувчисиз ҳаракатланиши эҳтимоли кўп. Бироқ одам ташийдиганларини учувчилар бошқариши кутилмоқда. Лекин технологиялар тараққий этавергани сайин йўловчи ташишга ихтисослашган VTOLʼлар ҳам учувчисиз ҳаракатланиши ҳам ҳеч гап эмас. Улар автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.

АҚШнинг Boeing компанияси шаҳар ҳаво транспортига оид йўл харитасини эълон қилган. Компанияга кўра, VTOLʼларнинг юк ҳажми кўпайиб кетмаслиги учун улар учувчисиз ҳаракатлангани маъқулроқ.

Boeing вице-президенти Браян Юктонинг таъкидлашича, компания аэрофазонинг хавфсиз, барқарор ва кенг миқёсли бўлиши устида ишламоқда. Шунинг учун мавжуд ҳаво транспорти стандартларидан ҳам юқорироқ натижаларга эришилиши керак. VTOLʼлар асосий учиш қоидалари асосида ҳаракатланади, улар автоматлаштирилган бортлар ва ердаги махсус тизимлар ёрдамида ҳаракатлантирилади.

Янги авлод VTOLʼлари учун поезд, автобус ва аэропорт каби анъанавий транспорт воситалари билан боғланиш имконини берувчи махсус транcпорт марказлари керак бўлади. Бундай марказлар «вертипорт»лар деб аталади.

Қачондан учар машиналарда манзилга етиб олиш мумкин бўлади?

Дунёда биринчи вертипорт сифатида аталаётган лойиҳа Буюк Британиянинг Ковентри шаҳрида 2022 йилнинг ёзида синовдан ўтказилди. Лойиҳа шаҳар консуллиги ва Urban-Air Port компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган.

Компанияга кўра, инфраструктура шароитлари етарли эмаслиги электрда ҳаракатланадиган VTOLʼлар учун асосий муаммо бўлмоқда. Компания Лондон, Лос-Анжелес каби шаҳарлар, Австралия, Жанубий Корея, Франция, Германия, Скандинавия ва Жануби-шарқий Осиё давлатларида ҳам VTOLʼлар ҳаракатини йўлга қўйишни режа қилган.

Шу йўналишда ишловчи яна бир компания — Испаниянинг Ferrovial фирмаси эса Лондонда 25 та, АҚШнинг Флорида штатида 10 та вертипорт қуришни режа қиляпти.

Фото: weforum.org

Тадқиқотчиларнинг ўрганишларига кўра, тезкор ҳаво қатнови бозори 2027 йилга бориб 7,6 млрд долларлик қийматга эга бўлиши мумкин. Бунда АҚШ, Хитой, Япония, Канада, Европа бу бозорнинг етакчилари бўлади. Шунингдек, янги секторда 90 минг иш ўрни бўлиши кутиляпти.

Top