Ўзбекистон | 14:37 / 19.01.2018
4787
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги Сеул шаҳри мэрияси билан ҳамкорликни кучайтирмоқда

Фото: iStock

2018 йил 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директор ўринбосари Н.Муҳаммадиевларнинг Сеул шаҳри мэрияси делегацияси билан учрашувчи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Facebook’даги “Адлия билан мулоқот” гуруҳида хабар берилган.

Сеул шаҳри мэрияси делегацияси томонидан Сеул шаҳри мэриясининг халқаро ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Жонг Мун Бэк, ахборот режалаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ким Чонок ҳамда мэрия ва хусусий секторнинг бошқа вакиллари иштирок этган.

Учрашувдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Сеул шаҳри мэрияси фаолияти, шунингдек томонларнинг давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашишни ахборотлаштириш тартибини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича истиқболдаги ҳамкорлиги масалаларини ўрганишдан иборат. 

Учрашув давомида А.Тошқулов Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўлам касб этганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатда Жанубий кореялик сармоядорлар иштирокида 510 та корхона, жумладан юз фоизлик Жанубий Корея сармояси асосида ташкил қилинган 70 та корхона фаолият юритмоқда. 

Шунингдек, ўз нутқида у Агентликнинг Давлат дастури доирасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларини амалга оширишнинг устувор йўналишлари, шунингдек бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали 37 та давлат хизматлари кўрсатилаётгани, 2018 йил охирига келиб уларнинг сони 50, 2020 йилга келиб эса 100 тадан ортиши режалиштирилаётганини таъкидлади.

Учрашув Юнусобод туманидаги Давлат хизматлари марказида давом этиб, бу ерда делегация аъзолари давлат хизматлари кўрсатиш тартиби билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Меҳмонлар учун махсус кўргазма тариқасида тадбиркорлик субъектини онлайн рўйхатга олиш жараёни амалга оширилди ва бунга кўпи билан 15 дақиқа вақт сарфланди. Шунингдек, савол-жавоб тарзидаги мулоқот бўлиб ўтди, у орқали меҳмонлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Ўз навбатида, Жонг Мун Бэк учрашув ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, самарали ҳамкорликка умид билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид