Жамият | 11:04 / 22.01.2018
26226
4 дақиқада ўқилади

Магнат, тадбиркор ва қочоқ: ҳонгконглик миллиардернинг ҳаёт йўли

Фото: Getty images

Ҳонгконглик миллиардерлардан камдан-ками кўчмас мулк магнати Жозеф Лау каби ёрқин шахс ҳисобланади. У бриллиантлар ва санъат асарларига пулни аямайди, унинг маъшуқалари уни  матбуотнинг доимий “қаҳрамони”га айлантирган ва у Макаода қидирувга берилган.

66 ёшли миллиардер юрак ва қанд касалликларидан азият чекади. Унинг айтишича, у бойлигининг катта қисмини рафиқаси ва фарзандларига берган. Бироқ Forbes Asia нашри Лаунинг бойлигини баҳолашда рафиқаси ва фарзандлари активларини ҳам ҳисобга олади, чунки миллиардер бу активларни ҳамон назорат қилади, деб ҳисобланади. Шу сабабли унинг бойлиги ўтган йилдагига нисбатан 1,5 млрд долларга кўпроққа – 17 млрд долларга баҳоланмоқда. Шу тариқа Лау энг бой ҳонгконгликлар орасида 5-ўринни эгалламоқда. Унинг активлари орасида Ҳонгконг ва АҚШдаги кўчмас мулк, йирик компаниялар акциялари ҳамда давлат ва корпоратив облигациялар бор. 

Қуйида миллиардернинг ҳаёт йўли келтирилган:

1974: Канададаги Уинсор университетини якунлаган.

1974: Акаси Томас Лау билан биргаликда шифтга ўрнатиладиган венлияторлар ишлаб чиқарувчи оилавий бизнесга қўшилади. 

1977: Тереза По Вин-камга уйланади ва 1992 йилда у билан ажрашади. Аёл 2003 йилда саратондан вафот этади.

1983: Ака-ука Лаунинг Evergo компанияси акциядорлик компаниясига айланади, 10 йил ўтгач эса делистинг ўтказади.

1985: Ўз фаолиятини қимматбаҳо қоғозларга инвестиция киритиш ва кўчмас мулкни бошқариш билан кенгайтиради.

1986: Chinese Estates қурилиш компаниясининг энг йирик акциядорига айланади. 

1987: Кадури оиласига тегишли бўлган Hong Kong & Shanghai Hotels меҳмонхоналар тармоғи устидан назоратни ўз қўлига олади. Кейинроқ меҳмонхоналарни яна Кадури оиласига қайта сотади. 

2006: Миллиардерга айланади. 1,7 млрд долларлик бойлик билан илк бор Forbes’нинг миллиардерлар рўйхатига киритилади.

2012, май: Макаода пора бериш ва пул ювиш айбловлари билан судланиши белгиланади.

2013, май: Лаунинг адвокати Макао судига миллиардер соғлиғи туфайли судга кела олмаслиги ҳақида тиббий хулосани тақдим қилади.


2014, март: Макаодан қочади. Суд уни 2005 йилда ер концессияларини олиш учун давлат хизматчисига пора бериш айблови билан 5 йил 3 ой қамоқ жазосига маҳкум қилади. У томондан берилган пора миқдори 2,5 млн долларни ташкил қилган.

2015, май: Рассом Пабло Пикассонинг “Аёл бюсти” асарини 67,4 млн долларга сотиб олади.

2015, ноябрь: 7 ёшли қизчаси учун 49 млн долларлик “Мовий ой” бриллиантини харид қилади. Таъкидланишича, бу нарх аукционда қимматбаҳо тош учун берилган энг баланд нарх ҳисобланади.

2016, октябрь: Соғлиғи билан муаммолар борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлайди. Айтишларича, у буйрак етишмовчилиги, юрак ва қанд касалликларидан азият чекади.

2016, ноябрь: Матбуотда 2014 йилда икки фарзанди онаси бўлган собиқ маъшуқаси Ивонн Люи Лай-кван билан муносабатларни узгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади.

Шундан сал вақт ўтиб, Apple Daily нашрининг шарҳловчиси, 37 ёшли Кимби Чан Хой Вонга уйланади.

2017: Соғлиғидаги муаммолар сабабли ўз активларининг 10 фоизини ўзида қолдиришини, учдан бирини ўғли Лау Мин Вайга, қолган қисмини эса янги рафиқаси ва икки боласига беришини маълум қилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид