Жаҳон | 15:30 / 23.01.2018
11016
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон трассаларида иситиш пунктлари ташкил этилади

Фото: Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати

Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев Остонадаги ҳукумат йиғилишида тегишли идораларга маҳаллий ижро органлари билан ҳамкорликда минтақаларда ҳайдовчилар ва йўловчилар учун мобиль иситиш пунктлари, иссиқ овқат билан таъминлашни ташкил этиш вазифасини топширди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳукумат йиғилиши давомида бош вазир Сагинтаев тегишли идораларга авария-қутқарув бригадалари навбатчилигини ташкил этиш, кучли совуқ ҳароратда тезкор тиббий хизматларга ҳамроҳлик қилишни таъминлаш вазифасини юклади. «Барча хизматлар учун энг совуқ давр аниқ ва бехато ўтиши керак», - дея маълум қилди Сагинтаев.

Республика шимолий ва шарқий вилоятларида кучли совуқ ҳарорат ўтган ҳафтадан бери кузатилмоқда. Мутахассислар тахминига кўра, бундай об-ҳаво яна бир неча кун давом этади. Қатор минтақаларда ҳафта бошидан бери мактаблардаги машғулотлар бекор қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда икки автобусда бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қутқариб қолингани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид