Ўзбекистон | 13:40 / 26.01.2018
11382
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ислом академияси Илмий кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий университетида Ислом академияси Илмий кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда академиклар, олимлар, профессор ўқитувчилар, фан докторлари, илмий кенгаш аъзолари ва дин пешволари иштирок этишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Фото: Muslim.uz

Ислом академияси ректори Неъматуллоҳ Иброҳимов Президентнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори илм соҳасида меҳнат қилаётган олимлар, айниқса, диний соҳада илмий ишлар билан шуғулланаётган мутахассислар учун жуда ҳам катта қувончли воқеа бўлганини таъкидлади. 

Шунингдек, ректор шу йил 16 январь куни Ислом академияси давлат рўйхатига олиниб, ўз фаолиятини бошлагани, академия олдига қўйилган мақсад-вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, ушбу академия ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ташкил этилгани мамлакатимиз ҳаётида улкан янгилик бўлганини таъкидлади.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар ҳамда илмий-педагог кадрлар тайёрланиши мўмин-мусулмонларимиз, айниқса, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар учун жуда катта туҳфа бўлганини қайд этиб, юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишига асосий омил эканини билдирди.

Бундан ташқари, Ислом академиясининг Илмий кенгаши ваколатига кирувчи турли масалалар муҳокама қилинди. 

Фото: Muslim.uz

Таъкидлаш жоизки, Академия диний идора муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари – республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш ҳамда тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, қуръоншунослик, тафсир ва фикҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашдан иборатдир.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид