Жаҳон | 19:35 / 27.01.2018
9131
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда 450 килограммлик бомба топилди

Фото: news for breakfast

27 январда Ҳонгконгнинг марказий қисмида, метронинг янги йўналиши қурилиши жойида Иккинчи жаҳон уруши замонларидаги портламай қолган 450 кг.лик бомба топилди. Шу сабабли яқин атрофдан 1,3 минг киши эвакуация қилинган. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди. 

Узунлиги 140 см ва диаметри 45 см бўлган бомба 27 январь эрталаб Ван Чай туманида метро қурилиши олиб бораётган ишчилар томондан 15 метр чуқурликда аниқланган.

Таъкидланишича, бомба топилган жойда бир неча соатдан бери сапёрлар, полициячилар ва ўт ўчирувчилар ишлашмоқда, ён-атроф ўраб олинган. 

Шаҳар аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари воқеа жойидан 400 метр радиусдаги ҳудудни ўраб олишган.

Мутахассислар ушбу снаряд Ҳонгконгга 1941 ва 1945 йиллар орасидаги давр ичида АҚШ бомбардимончи самолёти томондан ташланган ANM-65 снаряди эканлигини аниқлашган. Снаряд 250 кг.га яқин портловчи моддага эга, сапёрлар бомбани яримтунга яқин хавфсизлантиришмоқчи. 

Сапёрлар гуруҳи раҳбарининг айтишича, бомбадаги детонаторлардан бири шикастланган, бу эса уни ҳаракатлантиришни жуда хавфли қилади. Агар бомба портласа унинг таъсир доираси 200 метрни ташкил қилиши мумкин, унинг парчалари эса 2 км.гача тарқалиши мумкин. Шу сабабли мутахассислар снаряд қобиғида иккита тешик очиб, унинг ичидаги портловчи моддани куйдириб юборишмоқчи, бунга эса 3 соат кетади.

Бу бомба Ҳонгконгда топилган, Иккинчи жаҳон уруши замонларига мансуб биринчи бомба эмас. Ўтган йил январида шаҳардаги қурилиш майдончаларидан бирида 220 кг.лик снаряд топилган. У ҳам АҚШга тегишли бўлган.

Мавзуга оид