Жаҳон | 00:30 / 30.01.2018
11120
2 дақиқада ўқилади

Германияда ёнғоқлар машиналар устига тушишига рухсат берилди

Фото: Александр Щербак / «Коммерсантъ»

Германияда ёнғоқлар машиналар устига тушишига рухсат берилди. Бу ҳақда The Local порталида маълум қилинган. 

Франкфурт округ суди қўшнисидан унинг ҳовлисида ўсувчи ёнғоқ дарахти зарар етказгани учун 4 минг евро ундирмоқчи бўлган аёлнинг даъвосини рад этди. Аёлнинг сўзларича, ёнғоқ дарахтининг шохлари ва ёнғоқлари 2013 йил октябрдаги кучли шамол вақтида аёлнинг машинаси устига тушган ва бунинг оқибатида машина капотида пачоқлар пайдо бўлган.   

Жавоб берувчининг айтишича, дарахт шохлари “жабрдийда” аёлнинг ҳовлисига 1,5 метр ичкарига шохлаб кетган. Эркакнинг таъкидлашича, у ўз томонидаги дарахт шохларини кесиб турган.   

Оқибатда суд аёл ўз эътирозини қўшнисига эмас, балки дарахтларга билдириши кераклиги ҳақидаги фикрга келган. Дарахтлар эса “ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб бера олмайдилар, чунки ёнғоқлар тушиши табиий ҳолдир”. “Тўкилаётган ёнғоқлар соладиган хавфни тўлиқ бартараф этишнинг ягона йўли дарахтни кесиб ташлаш ёки ҳимояловчи тўр билан ўраб чиқишдан иборат”, деб қарор чиқарган суд. 

Даъво қилувчи аёл пул ундириш у ёқда турсин, энди суд харажатларини тўлашига тўғри келади. Бироқ аёл суд қарори устидан бир ой ичида шикоят қилиши мумкин.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид