Ўзбекистон | 12:30 / 31.01.2018
6874
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга силни тезкор ташхислаш замонавий ускуналарини тақдим этди

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Бугун, 31 январь куни АҚШ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига сил касаллигини тезкор ташхислаш замонавий ускуналарини тақдим этди. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтган тақдимот маросимида Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиё Минтақавий директор ўринбосари Сара Уолтер хоним ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лианн Куппенс, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бош мутахассиси доктор Асилбек Аҳмаджонов иштирок этди.

АҚШ ҳукумати томонидан тақдим этилаёган қўлланилиши осон бўлган тўрт тўплам  Xpert MTB/RIF силни тезкор ташхислаш ускуналари тиббиёт муассасаларига сил касаллигини аниқлаш вақтини саккиз ҳафтадан икки соатгача қисқартириш имконини беради. Сил касаллигини эрта ташхислаш тиббиёт муассасаларига аҳолини ўз вақтида даволаш, беморларнинг тўлиқ тузалиши ва касаллик тарқалиши олдини олишга имкон яратади.

“Америка Қўшма Штатлари илғор тиббий технологиялар ишлаб чиқаришда етакчи давлат ҳисобланади, ушбу ускуналарни етказиб беришдаги ёрдамимиз эса Ўзбекистон халқининг соғлиги ва фаровонлигини ошириш йўлидаги изланишларни доимий равишда қўллаб-қувватлашга содиқлигимизни намоён этади”, – дея таъкидлади Уолтер хоним.

USAID сил касаллигини тезкор ташхислаш махсус тиббий ускуналарини ЖССТ ва KNCV Tuberculosis Foundation жамғармаси ҳамкорлигида тадбиқ этилаётган «Challenge TB» лойиҳаси орқали амалга оширди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 та Xpert MTB/RIF ускунаси қўлланилмоқда, улар орасида 2014 йилда USAID томонидан тақдим этилган тўртта ускуна ҳам мавжуд.

Мавзуга оид