19:00 / 01.02.2018
234828

Мунажжим, фолбин ва жинлар ҳақида 7 ҳақиқат  

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Сир эмаски, ҳар бир халқда, ҳар бир элатда ўзига хос иримлар бор. Улар асрлар оша одамлар шуурига жойлашиб, ҳақиқат тусини олган. Бу борада ўзбек халқи ҳам “бой хазина”га эга. Айниқса, мунажжимлар, фолбинлар, жин чалишлар, иссиқ-совуқ масалаларидаги қарашларимиз ҳақиқат ва ёлғонга қоришиқ бўлиб кетган. Ўзбекистон мусулмонлар идораси мана шу масалалар юзасидан фуқаролар томонидан йўлланган саволларга Қуръон оятлари ва ҳадислар мисолида аниқ маълумотлар келтиради ва айни ҳақиқатни баён этади.

1-ҳақиқат. Мунажжимлар туғилган ой, кун башоратига, фолбинлар сўзига ишонган киши гуноҳкор бўлади 

Мунажжимлар ғайбни билишни даъво қилишади. Ғайб илми фақат Аллоҳ таолога хосдир: 

“(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас” (Жин сураси, 26). 

Ҳадиси шарифда: “Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди”, дейилган (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

2-ҳақиқат. Фол кўрувчилар жинлар билан ишлайди

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Фолбинларнинг гапларига ишониш куфрдир (Аллоҳ асрасин).

3-ҳақиқат. Дуохонларга бориб “иситиш” йўли билан муҳаббатга эришиш мумкин эмас

Иситиш, совутиш, фол Ислом динида ҳаром қилинган амаллардандир.

Ким иситсам фалончи мени яхши кўриб қолади, деб ўйлайдиган бўлса хато қилади. Меҳр-муҳаббатга иситиш билан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрқиш билан эришилади (“Равоиъул баён”, “Нафъул муфтий”).

4-ҳақиқат. Жинлар қасос олади ва улар таъсиридан сақланиш мумкин

Жинларни инсонлар кўра олмайди. Чунки улар жуда латиф ва тезда ўзгара олиш қобилиятига эгадир. Киши билмаган ҳолида қайноқ сув сепиб юбориб, бавл қилиб ва ҳоказо ишлар билан уларга озор етказганида жинлар унга зарар бериш билан интиқом олади.

Жинлардан сақланишнинг йўли эҳтиёткорликдир. Улар кўпинча шомдан кейин, яъни қоронғи тушаётган маҳалда чиқишади, нажосат, ахлатхоналарда озиқланади. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Хуфтонда идишларнинг устини ёпиб, мешлар оғзини боғлаб, эшикларни тамбалаб ва болаларингизни (уйда маҳкам) ушлаб ўтирингиз, чунки (шу вақтда) жинлар атрофга тарқалишади...” (Имом Бухорий ривояти).

Шайх Абу Бакр Жазоирий айтади: “Агар Аллоҳ таоло инсонни сақлаш учун вакил қилган фаришталар бўлмаганида эди, жин ва шайтонларнинг ёмонлигидан ҳеч бир инсон нажот топмасди”.

5-ҳақиқат. Сеҳр-жоду ва дуохонлик шариатга зид

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган:

“Яна (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир эмас эди, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир эди. (Икки фаришта): “биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма”, деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдасиз, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳнинг китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!” (Бақара, 102).

Аммо Қуръони карим шифо, уни ўқиб дам солиш мумкин. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) набиралари Ҳасан ва Ҳусайнлар (розияллоҳу анҳумо)га Қуръон ўқиб дам солганлари ҳақида ривоятлар бор.

6-ҳақиқат. Шом пайти жин ва шайтонлар тарқаладиган пайт.

Аввало, динимиз аёлларни кўчада мақсадсиз гап сотиб ўтириш у ёқда турсин, заруратсиз кўчага чиқишдан ҳам қайтарганини айтиб ўтиш керак. Ундан кейин, шом маҳали жин ва шайтонлар изғиб юриши ҳам ҳадиси шарифларда баён қилинган. Болаларнинг инжиқ бўлиб қолиши, уйқусида босинқирашига ҳам ана шу пайт кўчада юриши сабаб бўлади. Шу боис бу каби беҳуда одатларга барҳам бериб, ўлчовли вақтимиздан унумли фойдаланиш пайида бўлишимиз керак.

7-ҳақиқат. Бирор бир инсонга фолбинликни олишни даъво қилишса, у қабул қилишдан бош тортиши керак.

“Фолбинликни бўйнингга ол”, деб бирор кишига айтилса, у одам бу иш мусулмоннинг иши эмаслигини билиб туриб, бўйнига олишни рад қилса, савоб олади. Ҳаром ишни қилишга кўнмаган бўлади. У нарсалардан сақланиш учун доим Қуръон ўқиб, ўзига дам солиб юриши керак. Аллоҳдан шу каби нарсалардан паноҳ сўраши лозим.

Top