Ўзбекистон | 12:55 / 02.02.2018
68573
8 дақиқада ўқилади

Нозик масала: Мирзиёев Раҳмон билан нималар ҳақида келишади?

Фото: news.tj

Икки давлат ўртасидаги бош муаммо ҳамон Роғун ГЭСининг қурилиши бўлиб турибди, деб бошлайди ўз таҳлилий мақоласини 365info.kz.

Эриётган музлар

Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг мартида Тожикистонга давлат ташрифи билан келмоқчи. Бу Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда ташриф буюрган сўнгги давлати бўлади. Тошкентдаги «Марказий Евроосиё» таҳлилий гуруҳининг раҳбари Владимир Парамоновнинг айтишича, Мирзиёевнинг бу қадар ҳаяллаганига сабаб — ташриф жуда узоқ ва батафсил тайёрланди — жуда кўп нарсалар муҳокама қилиниши керак. Парамонов бу борадаги ўз фикрларини «Содружество» порталига берган интервьюсида ҳикоя қилиб берган.

Яқиндагина Тошкент вилояти халқ депутатлари билан учрашувда чиқиш қилар экан, Шавкат Мирзиёев Тожикистон билан яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилишини таъкидлаб ўтган эди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

— Биз кўплаб битимларни имзолаймиз, темирйўл қатновини йўлга қўямиз, ягона энергия тизимини тиклаймиз ва бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қиламиз, — дея ваъда берди Президент депутатларга. Тўғри, у «20 йиллик музларни эритиш осон бўлмаслиги»ни ҳам қайд этиб ўтишни унутмади.

Январь ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов Тожикистонда бўлди, Имомали Раҳмон билан савдо-иқтисодий ва чегараларни делимитация қилиш масалаларини муҳокама қилиб қайтди. Бу эса икки мамлакат муносабатларида маълум бир силжишлар борлигини намоён этади.

Фото: Тожикистон президент матбуот хизмати

Бунга далил сифатида эришилган келишувларни мисол қилиб келтириш мумкин:

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги визани бекор қилиш масаласи ишлаб чиқилди, давлат чегарасининг энг ихтилофли участкаси — Фарҳод ГЭСига доир муаммо муҳокама этилган.

Сув учун уруш

Парамоновнинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муаммолар Ўзбекистон минтақавий сиёсатида энг мураккаби ҳисобланади.

— Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи билан боғлиқ чўзилишлар мана шу билан тушунтирилади. Икки давлат раҳбарларининг ушбу муаммоларни ҳал этиш учун аниқ чоғланиши борлиги, боз устига, қисқа вақт ичида мамлакатлар ўта муҳим келишувларга эришиш учун жуда яқинлашгани ҳам яққол кўриниб турибди, — деган у порталга берган интвервьюсида.

Юқорида тилга олиб ўтилган муаммолар ичида қуйидагилари асосийлари бўлиб қолмоқда:

  • Роғун ГЭСининг қурилиши ва фойдаланишга топширилиш атрофидаги муаммолар мажмуаси;
  • чегара ва ҳудудларга оид муаммолар;
  • транспорт қатновини йўлга қўйиш ва умуман, иқтисодий муносабатларни ривожлантириш;
  • биргаликдаги ҳаракатларни енгиллаштириш;
  • ўзаро ишонч чораларини кўриш.

Экспертнинг фикрича, Роғун ГЭСи бўйича келишув энг асосийси бўлиши мумкин.

Фото: news.tj

Парамоновнинг ўзи лойиҳанинг ҳозирги кўринишига буткул қарши ва «Ўзбекистон томонига, гарчи формал бўлса ҳам, уни маъқуллашда шошма-шошарликка йўл қўймаслик»ни маслаҳат беради.

— Бундай маъқуллаш сирасига объектга ташриф буюриш, лойиҳада акциядор сифатида ёки бошқа бир кўринишда иштирок этиш бўлиши мумкин, — дея аниқлик киритади таҳлилчи.

Одамлар билиши керак эмас

Парамоновнинг ҳисоблашича, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти «сув мавзуси бўйича ҳам айрим келишувларга эришиш учун чоғланган». У бир қатор таҳлилий илмий лойиҳалар ва тадқиқотлар ўтказиб бўлинганини ҳам эътибордан қочирмаяпти. Гарчи, кенг жамоатчилик бундан бехабар бўлса ҳам.

Агар Ўзбекистон Роғун масаласида ўз позициясини аниқ белгилаб олса, Тожикистон ва халқаро ташкилотлар ушбу ГЭС Ўзбекистонга ва минтақанинг бошқа давлатларига сиёсий босим ўтказиш қуролига айланмаслигини кафолатловчи механизмларни ишлаб чиқади.

— Аминманки, Ўзбекистонни қониқтирувчи компенсацияларнинг аниқ механизми ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши керак. Масалан, энг ёмон сценарийлар — ГЭС тўғонининг бузилиши, катта миқдорда сув қўйиб юборилиши ёки аксинча, Ўзбекистон ҳудудига сув ўтказилишининг сезиларли тарзда камайтирилиши каби ҳолатларда, — дейди Парамонов.

Унинг фикрича, қолган муаммоларнинг барчасини ҳал қилса бўлади. Улар бўйича қандайдир келишувларга эришиб ҳам бўлинган, қолганлари яқин кунларда пайдо бўлади.

— Барча келишувларнинг экспертлик, таҳлилий ва илмий жиҳатдан асосланганлиги, шунингдек, энг камида, у ёки бу келишувлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида прогноз қилишга уриниш принцип жиҳатидан муҳим ҳисобланади, — дейди Парамонов.

Масалан, чегара режимининг эркинлаштирилиши ўтган асрнинг 90-йиллари сўнги мисоли наркотаҳдид даражасининг ортишига олиб келмайдими?

Кримоген вазият ёмонлашишидан ташвишга тушмасак ҳам бўладими? Исломий радикаллар гуруҳларининг Афғонистондан Тожикистон ҳудуди орқали ёриб киришидан ташвишланмасак ҳам бўлаверадими?

Зиддиятлардаги инсоний омиллар

Экспертнинг фикрича, икки президент учрашувининг кун тартиби ҳамон шакллантирилмоқда ва «кўп нарса ташриф олдидан ойдинлашади».

— Кўп умид қиламанки, ташриф мобайнида икки томонлама муносабатлар кун тартибида турган масалалар мажмуаси аниқ, танқидий таҳлил асосида кўриб чиқилади, бош муаммоларимиз очиқ-ойдин санаб ўтилади, позициялар белгилаб олинади ва икки мамлакат ва бутун минтақа манфаати юзасидан ечимлар таклиф этилади, — деди Парамонов.

Экспертнинг таъкидлашича, амалда доимо элементар омилкор эмасликдан бошланиб, очиқчасига саботаж қилиш каби инсон омили билан боғлиқ қандайдир салбий вазиятлар юзага келади.

— Назаримда, мана шундай салбий вазиятларнинг таъсирини камайтириш учун Ўзбекистоннинг ҳам, Тожикистоннинг ҳам ривожланиши йўлидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш керак. Бу муаммолар экспертлик, таҳлилий ва илмий таъминотнинг кучсизлиги ёки йўқлиги, уларнинг ички ва умуман, ташқи сиёсатдаги келишувлар, икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларга жорий этилмаганлиги билан чамбарчас боғлиқ, — деди таҳлилчи аналитик.

Ўзбекистонда зарур таҳлилий марказлар, институтлар барпо этиш, керакли кадрларни тайёрлашга бир неча бор уринишлар бўлган. Бироқ, экспертлик, таҳлилчилик ва илмий ишлар ҳанузгача йўлга қўйилмаган.

— Албатта, аллақандай ёпиқ тадқиқотларнинг бутун бир сегменти мавжуд, бироқ уларнинг сифатини баҳолаш жуда ва жуда қийин. Боз устига, бу тадқиқотларни кенг жамоатчиликни у ёққа қўйиб туринг, ҳаттоки ўз экспертлик ёки илмий ҳамжамиятига кўрсатишга ё қўрқишади ёки буни исташмайди, — деди Парамонов.

Олимлар кимга керак?

Пировард натижада, турли таҳлилий тузилмалар нима билан шуғулланаётгани, улардан ўзи фойда бор-йўқлиги мутлақо тушунарсиз.

Умуман олганда, на ўзбек, на тожик илмий институтлари ва марказлари ҳозирча на ўзаро муносабатлар, на бошқа давлатлар билан муносабатлар масалаларида сиёсатни экспертлик фикри билан таъминлаш вазифасини уддалай олишмоқда, деб ҳисоблайди Парамонов.

— Ҳар қандай иқтисодий келишувлар уларнинг тизимли ва мультипликатив самараси нуқтаи назаридан интизомий баҳоланиши керак. Бу ҳолатда икки давлат ўзаро ҳамжиҳатлигини кардинал равишда ўзгартиришни таъминловчи, ҳудудий иқтисодий интеграция жараёнларини принципиал тезлаштирувчи, локомотив бўла олувчи иқтисодий лойиҳаларни излаб топиш керак. Бу локомотив лойиҳаларсиз икки томонлама муносабатларда бирор-бир илғорлаш ҳақида гап очиб бўлмайди. Умид қиламанки, буни Тошкентда ҳам, Душанбеда ҳам жуда яхши тушуниб туришибди», — дея ўз фикрларини якунлаган Парамонов.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид