Жаҳон | 13:40 / 02.02.2018
19572
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда эски машиналарни олиб киришга тақиқ 15 февралдан жорий этилади 

Фото: Asia-Plus

Тожикистон ҳукумати томонидан мамлакатга 2005 йилга қадар ишлаб чиқарилган автотранспортни олиб киришни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилинди.

Жорий йилнинг 27 январига тегишли бўлган ҳужжат матнида айтилишича, қабул қилинган чора жорий йилнинг 15 февралидан амал қилади.

Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Божхона хизмати ва мамлакат Ички ишлар вазирлигига «олиб кирилаётган транспорт воситаларини ушбу қарорга мувофиқ тарзда божхона расмийлаштируви ва рўйхатдан ўтказишни назорат қилиш» вазифаси юкланди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йилнинг 18 январь куни бўлиб ўтган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида эски автомашиналарни республикага олиб киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берганди.

Ўшанда давлат раҳбари экологияга эски автомобиллардан келувчи зарар ҳамда пойтахт Душанбе йўлларида тирбандлик ортишидан ташвишда эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ҳукумати 2005 йилга қадар ишлаб чиқарилган автомобиль транспортини мамлакатга олиб киришга тақиқ жорий этиш ниятида экани хабар берилганди. 

«2005 йилга қадар чиқарилган автотранспорт воситаларини мамлакатга олиб кириш тақиқланади», - дея маълум қилган Тожикистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўмитаси Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ва ҳимоя қилиш бўйича бўлими бошлиғи Саидусмон Судуров. Амалдорнинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус мамлакат ҳукумати томонидан илгари сурилган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа билан 2005 йилдан аввал чиқарилган автомобилларни мамлакатга олиб кириш тақиқланади

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид