Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуръон мусобақасида рўй берган воқеа кўпчиликнинг кўзига ёш келтирди
Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақаларининг ҳудудий босқичини KUN.UZ сайтида ёритиш мақсадида “Олтинкўл” жоме масжидида бўлганимда, жуда қизиқ воқеага гувоҳ бўлдим.
Масжидда Балиқчи, Олтинкўл ва Андижон туманидан келган эркак иштирокчилар ўртасидаги ҳифз ва тиловат йўналишидаги мусобақалар якунланиб, ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтаётган эди. Ҳакамлар ҳар бир ғолибни масжид марказига исм-шарифи билан чақириб, уларга биринчи ўринни олганлиги ҳақидаги диплом ва қимматбаҳо совғаларни топширар, иштирокчи ва тамошабинлар уларни қутлаб туришар эди.
Маълумки, туман ва шаҳар босқичида ғолиб бўлган қатнашчилар мусобақанинг кейинги, вилоят биринчилигига йўлланма олади.
Ҳар бир иштирокчи эзгу ниятда кунларни тунларга улаганча илм ўрганиб, ғолиб чиқиш иштиёқида бўлганлиги аниқ.
Тақдирлаш тадбири якунига етиб қолганида, ғолиблардан бири бўлган Муҳаммадсодиқ Давлатов ҳакамлар ҳайъати ёнига келиб: “Мен шартларни бажариш давомида кўп адашган эдим. Аслида, Бурҳониддин Давлатов ғолибликка лойиқ эди. Фамилиямиз бир хил бўлганлиги учун англашилмовчилик бўлмадимикан?”, дея мурожаат қилибди.
Ҳакамлар олинган балларни текшириб чиққанларида, ҳақиқатан ҳам Муҳаммадсодиққа фамилиядош бўлган қори йигит – Бурҳониддин Давлатовнинг баллари юқори эканлиги аниқланди. Баъзида, 200 нафардан зиёд киши қатнашаётган мусобақада исм ва шарифдаги ўхшашлик боис, ана шундай англашилмовчилик бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шундан сўнг барчаси ўз ўрнига тушди. Ҳакамлар энди давра марказига Бурҳониддин Давлатовни чорлаб, унга биринчи даражали дипломни топширдилар. Давра тўрига ғолиб билан биргаликда, унинг дўсти, ростгўй ва ҳамиятли Муҳаммадсодиқ ҳам чиқди.
Ҳайъат раиси йиғилганлар олдида ибрат кўрсатган қори йигитни кўзида ёш билан дуо қилди.
Ҳакамларнинг ўзлари бўлиб ўтган ибратли воқеага эътибор қаратишимни сўрашди.
Ислом дини инсонни эзгуликка чорлайди. Олган мукофотини ўзидан кўра илмлироқ бўлган дўстига раво билган Муҳаммадсодиққа боқиб, одамийлик ва мардлик хислатларини туйдим.
Қуръонни ўқиш, ўрганиш ва англаш мақсадида ташкил қилинган мусобақаларнинг нафақат илм эгалари, балки кенг омма иштирокида ўтказилишининг асл моҳияти ҳам шунда бўлса, не ажаб...
KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Мавзуга оид
10:44 / 07.07.2026
Буви ва набиранинг фожиали ўлими: Андижондаги ЙТҲ қасддан одам ўлдириш дея малакаланиши керак
10:20 / 03.07.2026
Андижонда давлат захирасидаги ерни 160 минг долларга сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди
10:00 / 01.07.2026
Андижонда дўпписи ичига 35 минг доллар яширган йўловчи ушланди
16:27 / 26.06.2026