Жаҳон | 08:44 / 05.02.2018
12475
2 дақиқада ўқилади

Бельгияда Салоҳ Абдусалом устидан суд бошланмоқда

Фото: AFP

Брюсселда бугун 2015 йилги Париж терактларидаги бош айбланувчи Салоҳ Абдусаломга нисбатан суд жараёни бошланади. Уни 2016 йилда қўлга олиш пайтида полицияга ўт очишда иштирок этиш учун суд қилишади. Аввалига дастлабки йиғилиш 2017 йилнинг 18 декабрига белгиланганди, бироқ унга бир неча кун қолганида суд бошқа санани тайинлади.

Абдусалом йиғилишга Франциядан полиция вертолётида олиб келинади. Бундан ташқари, биринчи инстанция суди матбуот хизматидан хабар беришларича, Адолат саройи ва унинг атрофида "фавқулодда хавфсизлик чоралари" кўрилади. Йиғилиш залининг ўзида иккита камера ўрнатилиб, бу журналистларга жараённи бошқа хонадан кузатиш имконини яратади.

Эслатиб ўтамиз, Париж ва унинг яқинидаги терактлар 2015 йилнинг 13 ноябрь куни рўй берди. Жангарилар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳужумни амалга оширишди: Сен-Денидаги "Стад де Франс" стадиони ёнида портлаш, бир неча ресторанлар мижозлари отиб ташланди, шунингдек, "Батаклан" концерт залидаги фожиа. Ўшанда ҳаммаси бўлиб 130 киши ҳалок бўлди, 350дан ортиқ инсон жароҳатланди.

Абдусалом етти террорчидан бири бўлган, бироқ унинг портловчи қурилмаси ишга тушмаган, ёки ўзи буни сўнгги сонияда қилмаган. Терактлар содир этилганидан то март ойига қадар у Брюсселдаги дўстлариникида яшириниб келган.

Мавзуга оид