Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон май ойидан хорижликларга қисқа муддатли визалар беришни бошлайди
Ўзбекистон республикаси президентининг 3 февраль кунги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.
Унга кўра, Ўзбекистон 1 майдан эътиборан хорижлик фуқароларга 72 соат муддат давомида амалда бўладиган қисқа муддатли кириш визалари тақдим этади.
Бундай визалар Ўзбекистонда тўхтаган йўловчилар қисқа муддатга аэропорт зонасидан чиқиб, тасдиқланган туристик дастурлар асосида назоратли танишув турини ўтказишини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой ичида ушбу янгиликни амалда жорий этиш бўйича қарор қабул қилиши керак бўлади. Хусусан, фуқароларига шундай визалар бериладиган давлатлар рўйхати тузиб чиқилади.
Бундай визалар олиши мумкин бўлган йўловчилар авиачипталарини кўрсатиши, шунингдек, улар учинчи давлатга визага эга бўлиши талаб этилади. Бундан ташқари, улар консуллик йиғимларини тўлаши керак.
Бу ҳужжат республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Маълумот учун, 10 февралдан эътиборан Ўзбекистон 7 давлат фуқароларига (Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония) шунингдек, Ўзбекистонга мунтазам авиарейсларни амалга оширувчи ҳаво кемалари экипажлари аъзоларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш санасидан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилади.
Бундан ташқари, республика 39 давлат фуқароларига туристик визалар расмийлаштириш тартибини соддалаштиради. Булар қаторида Австралия, Нидерландия, Ҳиндистон, Хитой, Канада, АҚШ, Саудия Арабистони, БАА ва Швеция каби давлатлар бор.
Мавзуга оид
20:27 / 14.01.2026
АҚШ 75 мамлакат фуқаролари учун виза беришни тўхтатади
18:09 / 07.01.2026
Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам АҚШ визаси учун 15 минг долларгача гаров тўлайди
12:44 / 07.01.2026
Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз кириш давлатлари сони оширилади
13:16 / 06.01.2026