23:59 / 07.02.2018
13750

Андижон ёнғин хавфсизлиги бошқармаси янги лойиҳани амалга оширди

Фото: KUN.UZ

Эндиликда огоҳлантирувчи турли шиорлар, ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари ва салбий оқибатлари акс эттирилган кўргазмалар, ёнғин ўчириш анжомлари, ўт ўчирувчиларнинг кийимлари ва иш қуроллари билан жиҳозланган “Тарғибот автобуси” Андижон вилояти бўйлаб фуқароларни ҳушёрликка чорлайди.

Андижон вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимида ёнғинлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда ўтказилаётган тушунтириш-тарғибот ишларида соҳа ходимлари ёнғинларнинг олдини олиш юзасидан фуқароларнинг яшаш, иш, ўқиш, жамоат жойларидаги мажбурият ва бурчлари уқтириб борилмоқда.

Тарғибот ишларининг самарали усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилаётган ёнғин хавфсизлиги ходимлари бугунги ахборот технологияларининг илғор воситаларидан фойдаланиб ноанъанавий усулга ҳам мурожаат қилишди.

Ўтган давр ичида ўнлаб корхона, ташкилот, муассасалар, бозорларда ташкил этилган тарғибот акцияларида кўплаб фуқаролар иштирок этиб, ёнғин ва унинг салбий оқибатлари, ёнғинларнинг олдини олишда эътибор қаратиш керак бўлган хавфсизлик қоидалари ҳақидаги билимларга эга бўлишди.

Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида ташкил этилган ана шундай тадбирлардан бирида ўқувчилар ўт ўчирувчилик касби, ёнғин ўчириш техникалари, бирламчи ўт ўчириш воситалари, қутқарув ускуналарининг вазифалари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлишди. Айниқса, тарғибот автобусига бўлган саёҳат ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Ўқувчилар ёнғин хавфсизлиги юзасидан ўз тасаввурлари бўйича чизган расмларини намойиш этдилар ҳамда мутахассислар уларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб беришди.

Бу каби тадбирлар иситиш воситаларига эҳтиёж кучайган қиш кунларида кенг қамровда олиб борилмоқда.

Top