Жамият | 12:45 / 08.02.2018
19681
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада валютафурушларга қарши рейд ўтказилди

Фото: KUN.UZ

Миллий хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент минтақавий бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда рейд ўтказишди, унинг давомида Қўқон шаҳрида яшовчи шахс хорижий валютани сотишга уриниш чоғида ашёвий далил билан қўлга олинди.
 
Жамшид Ниёзов «Медиапарк» савдо мажмуасида 7400 АҚШ долларини бир доллар учун 8240 сўмлик курс бўйича 60 млн 976 минг сўмга сотаётган вақтида ушланди. Тадбир давомида тезкор ходимлар унинг ёнида яна 600 доллар борлигини аниқлашди.

Шунингдек, МХХ тезкор ходимлари Департамент вакиллари жалб этилган ҳолда бошқа бир валютафурушни, Марғилонда яшовчи Улуғбек Мирфаёзовни қўлга олишди. У қўлга олиш пайтида 10 минг долларни 8300 сўмлик курс бўйича 83 миллион сўмга сотаётган бўлган.

Айни дамда юқоридаги ҳолатлар бўйича Департаментнинг минтақавий бошқармаси томонидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид