Жаҳон | 22:58 / 08.02.2018
15125
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда Олимпиада арафасида ҳарбий парад бўлиб ўтди 

Фото: Getty Images

8 февралда, Жанубий Кореянинг Пёнгчангида Олимпиада очилиши арафасида Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда мамлакатнинг 70 йиллиги муносабати билан катта кўламли ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бу ҳақда Шимолдан олинган маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда Жанубий Корея ҳукумати маълум қилди.

Аввал 40 йил давомида ҳарбий парад 25 апрелда – мамлакат асосчиси Кир Ир Сен 1932 йилда биринчи партизан отрядини ташкил қилган кунда нишонланиб келган. 

8 февралда эса Шимолий Корея мунтазам армиясининг 1948 йилда ташкил топгани нишонланарди. Бироқ ҳанузгача бу кун унча муҳим байрам ҳисобланмас эди. 

Аввалги йиллардан фарқли равишда, жорий парадга хорижий журналистлар таклиф қилинмаган. 

Япония ва Жанубий Корея ОАВ маълум қилишича, парадда 13 минг ҳарбий иштирок этган, 50 минг киши уни томоша қилган. Парадда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин нутқ сўзлаган. “АҚШнинг душманона сиёсати сақланиб қолар экан, мамлакатни ҳимоя қилишда қудратли қилич ролини ўйновчи Корея халқ армиясининг миссияси давом этади”, деб айтган Шимолий Корея етакчиси.

Сўнгра армиянинг турли бўлинмалари юриб ўтган. Парад ҳарбий техника – танклар, оддий ва ракета арртиллерияси, зирҳли машиналар, авиация намойиши билан якунланган.

Парадда, шунингдек, “Хвасон-15”,  “Хвасон-14” қитъалараро баллистик ракеталари ва уларни отувчи қурилмалар намойиш қилинган. 

Шимолий Корея Олимпиада арафасида ўз ҳарбий қудратини намойиш қилмоқчилиги юзасидан билдирилган танқидларга бу унинг ички иши эканлиги ва ҳеч ким бу борада унга айблов билдиришга ҳақи йўқлиги билан жавоб берган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид