17:50 / 09.02.2018
10535

Ўқув жараёнларига "яшил технологиялар" татбиқ этилмоқда

Фото: Максад Джангиров

7-8 февраль кунлари Тошкент шаҳрида "Профессионал-техник таълимда инновацион қарорлар: Samsung инновацион академияси II фазасини йўлга қўйиш тажрибаси" мавзуидаги анжуман, шунингдек Тошкентнинг ихтисослашган коллежлари учун демо-тур ва тренинглар бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчилари Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) ва Тошкент ахборот технологиялари профессионал коллежи бўлди. 

"Samsung инновацион сервис академияси" стратегик ижтимоий лойиҳаси коллеж ўқувчиларига қўшимча таълим имконини тақдим этиш, ёшларни иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бериш ва мамлакатдаги хизматлар кўрсатиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга доир янги стандартларни илгари суришга йўналтирилган. МОМЭМ ва Ўзбекистон экология ҳаракати лойиҳа доирасида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг "яшил" технологиялар, энергия самарадорлиги, ресурсларни тежаш ва экологик ёндашувлар ҳақидаги хабардорлигини оширади.

"Samsung инновацион сервис академияси" лойиҳасининг иккинчи фазасини амалга ошириш ишлари 2017-2018 йилларга мўлжалланган. 

"Мамлакатимиз учун ноёб бўлган бу таълим лойиҳаси натижалари 2018 йилда - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"га тўғри келиши рамзий маънога эгадир, - дейди МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори Шаҳноза Умарова. - Samsung инновацион академияси 2015 йилда бевосита Тошкент шаҳри ахборот технологиялари профессионал коллежи базасида ташкил қилинган. 


Лойиҳа инновациялар ва "яшил" кўникмалар ривожига йўналган янги битирувчилар авлодини тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшади. Зеро техника таъмири унинг "ҳаёти"ни узайтиради, табиий ресурсларнинг ортиқча истеъмоли олдини олади ва атроф-муҳитга таъсир даражасини камайтиради. 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон билан бир қаторда Қозоғистонда ҳам амалга оширилмоқда, бу эса ўрта-махсус ва профессионал техник таълим соҳасида тажриба алмашиш имконини беради. 

Top