Жамият | 23:00 / 10.02.2018
46823
2 дақиқада ўқилади

“Икки кун муҳлат...”: Бозор бузилишига доир мурожаатга ҳокимият ойдинлик киритди

KUN.UZ таҳририятига навбатдаги мурожаат келиб тушди. Унинг мазмуни қуйидагича: “Ассалому алайкум. Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги деҳқон бозори бузилиши сабабли туман ҳокими “Бозор бузилади”, деб икки кун муҳлат берди. Шу масалага ойдинлик киритишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз”.

Таҳририят ушбу масала юзасидан Узун тумани ҳокимияти билан боғланди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Алимов қуйидагиларни маълум қилди:

“Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Қизириқ туманида видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда Узун туманидаги фаоллар томонидан Узун туманининг марказий қисми жуда тартибсиз эканлиги, шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмаслиги, айрим бино ва иншоотлар бугунги талабларга жавоб бермаслиги ва кўчаларнинг тирбандлиги юзасидан президентга мурожаат қилган”.

Туман ҳокимияти тақдим этган маълумотга кўра, “Давархитектурақурилиш” қўмитаси, “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК ва вилоят ҳокимлиги билан Узун тумани марказидан ўтувчи Ўзбекистон шоҳкўчаси, Баҳористон кўчаси ва темир йўл кесишмасини қамраган ҳолда шаҳарнинг батафсил режа лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мана шу лойиҳага мувофиқ, мурожаатда тилга олинган бозор бузилиб, унинг ўрнида замонавий савдо мажмуасини ишга тушириш режалаштирилган.

“Узун деҳқон бозори ҳудудида савдо қилаётган тадбиркорлик субъектларини тумандаги “Баҳористон” маҳалласи ҳудудида янгидан қурилган замонавий бозорга кўчириш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тадбиркорларнинг келгусида тўлиқ фаолият олиб боришлари алоҳида назоратга олинди”, - дейилади Узун тумани KUN.UZ’га тақдим этган маълумотда.

Мавзуга оид