Light | 13:50 / 11.02.2018
30401
4 дақиқада ўқилади

Австралияни мамлакат эмас деб топган ўқитувчи талабани "йиқитгани" учун ишдан четлатилди

Эшли Арнольд

Америкалик талаба Эшли Арнольд унга қониқарсиз баҳо қўйган Жанубий Нью-Ҳэпшир Университети ўқитувчисидан шикоят қилди. Ёзувларга қараганда педагог Австралия — нафақат қитъа, балки мамлакат ҳам эканини тан олишдан бош тортган. 

27 ёшли Арнольд фарзанд тарбияси билан шуғулланади ва шу боис унинг ўқиши масофадан олиб борилиб, университет онлайн-курсларида ўтади. У ижтимоий йўналишда таҳсил олади. Эшли охирги курс учун деярли 1000 доллар пул тўлаган.

Сўнгги лойиҳа сифатида талабаларга АҚШдаги ва бошқа мамлакатдаги ижтимоий нормаларни таққослаш таклиф этилган. Эшли Австралияни танлади ва ижтимоий медиага диққатни қаратди. Талаба тадқиқот лойиҳасини топширди ва 1 февраль куни фалсафа фанлари доктори унинг ишидаги бир неча пунктни ноль баллга баҳолаганидан хабар топди. Профессор "муайян мамлакат танловисиз бу пунктлар баҳоланмаслиги"ни қайд этган.

Фото: Narvikk/Getty Images

"Унинг таълим ва тажриба даражасидаги одамлар Австралия — бу мамлакат эканини билиши керак эмасми, ахир? Агар у бунга шубҳа қилса, нима учун шунчаки Google'дан қараб кўрмайди?"

Эшли Арнольд, талаба

Воқеадан жаҳли чиққан Арнольд ўқитувчининг электрон почтасига Австралия — бу мамлакат эканини тасдиқловчи профессионал адабиётга ҳавола бериб, хат йўллаган. Бироқ доктор ўз хатосини тан олмаган, фақат лойиҳани қайта кўриб чиқишга розилик берган.

"Мен лойиҳани қайта кўриб чиқишимдан аввал сиз ҳар қандай хато барчасини йўққа чиқариши мумкинлигини тушунишингиз керак. Австралия — бу қитъа, у мамлакат эмас. Бу хато сизнинг икки ҳафталик ишингизни тўғри баҳолаш имконини деярли йўққа чиқарди".

Фото: Narvikk/Getty Images

Ўқитувчининг Эшли Арнольдга жавоби

Шундан сўнг профессор "мустақил тадқиқот" ўтказган ва охир-оқибат уни қайта баҳолаган — B+, бу баҳо "тўрт плюс"га тенг. 

Ўқитувчи ўз қилмиши учун узр сўрамаган, бироқ "Австралия - мамлакат ва Австралия - қитъа ўртасидаги тафовутларга доир етарлича тушунчага эга бўлмагани"ни тан олган. У талабадан маълумотларни текшириш ва келгусида мамлакат ҳамда қитъа ҳақидаги маълумотларни адаштирмасликни сўраган.

Фото: Andrew Watson/Getty Images

Талаба журналистлардан профессорнинг исмини ошкор қилмасликни сўраган, зеро педагог университет штатида эмас, шартнома бўйича ишлаган, шунинг учун у "ҳеч қандай реакция"ни хоҳламаган. Арнольд ўз ҳикоясини оммага тақдим этганини бошқа талабаларга нисбатан адолатсиз муносабатдан хавфсираш билан изоҳлаган. 

Шунга қарамай, HuffPost'да таъкидланишича, профессор ишдан бўшатилган. Университет маъмурияти профессорнинг хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган.

"Бизнинг профессоримиз ва талаба ўртасидаги тушунмовчиликлардан афсусдамиз. Биз Эшлидан узр сўрадик, унинг ўқитувчисини бошқасига ўзгартирдик ва курс учун тўловни қопладик. Австралиялик дўстларимизга: биз сизнинг ҳам мамлакат, ҳам қитъа эканингизни биламиз, Олимпиадада омад!"

Эшли Арнольд

Мавзуга оид