Ўзбекистон | 00:37 / 15.02.2018
19302
3 дақиқада ўқилади

Президент боғчаларда таъмирлаш ишлари охиригача етказилмаётганини танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича  кўрилаётган  чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент расмий сайти хабар бермоқда.

Йиғилишда жойлардаги мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи, соҳадаги ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу тизимни чуқур таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларигача эътибор қаратди. 

Дастлаб бу масалада Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига эътибор қаратилди. Масалан, Андижон вилоятидаги 87 та маҳаллада биронта ҳам болалар боғчаси йўқлиги, 84 та боғча филиалини мустақил муассасага айлантириш ёки давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчаларини ташкил этиш бўйича туман ҳокимликлари томонидан аниқ чоралар белгиланмагани танқид қилинди.

Вилоятда мавжуд 451 та мактабгача таълим муассасасидан 200 тасида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус омбор йўқ, совуткич, шкаф ва стол-стуллар етишмайди. Шунингдек, ҳанузгача 123 та боғчага ичимлик суви ташиб келтирилади, 71 тасининг атрофи ўралмаган, 134 тасида мусиқа хоналари жиҳозланмаган, 420 тасида кичик кутубхоналар ташкил этилмаган.

Шундай камчиликлар Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам кузатилган.

Йиғилишда жорий йилда давлат мактабгача таълим муассасалари қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаш, болалар боғчаларининг моддий-техник ҳолатини ўрганиб, мебель, ошхона жиҳозлари, ўйин майдончалари ва спорт инвентарларига бўлган талабни аниқлаш ҳамда яқин 2 йилда мамлакатимиздаги барча боғчаларни жиҳозлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатсиз тайёрлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини охирига етказмаслик, баъзиларини таъмирламасдан қолдириб кетиш ҳолатлари кўп учраётгани танқид остига олинди.

Масалан, ўтган йили Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 14-боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган, муҳандислик тармоқларига тўлиқ уланмаган, жиҳозлар тўлиқ етказиб берилмаган. Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги 3-, Нишон туманидаги 20-, Косон туманидаги 32-боғчада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Бухоро шаҳридаги 3-, Бухоро туманидаги 19-, Ромитан туманидаги 11-, Қоракўл туманидаги 7-боғчаларда пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган, жиҳозларнинг 50 фоизи етказиб берилмаган. Кўплаб лойиҳаларда назарда тутилмагани сабабли боғчалар ҳудудини ободонлаштириш, атрофини ўраш, ташқи коммуникация тармоқларига улаш ишлари бажарилмай қолмоқда.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш учун ҳокимликлар, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли топшириқлар берилди. Мактабгача таълим муассасаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларида ёрдамчи биноларни ҳам таъмирлаш ва жиҳозлашни назарда тутиш, уларни аҳоли учун қулай ва муҳандислик-коммуникация тармоғи мавжуд ҳудудларга жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Намунавий лойиҳаларни қайта кўриб чиқиб, янги қуриладиган боғчалар учун сарфланадиган харажатларни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид