18:56 / 16.02.2018
5211

БМТ: Туркияга қочқинлар масаласида ёрдам керак

Фото: Anadolu

Туркиянинг қочқинларни жамиятга интеграциялашув сиёсати дунёда тақлид қилиш учун намунадир. Бу ҳақда Анқарага расмий ташриф билан келган БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди «Анадолу» агентлигига маълум қилди.

«Туркия 3,8 миллион қочқинга бошпана берди, уларнинг 3,5 миллиони сурияликлардир. Аммо мамлакат бу кўрсаткичлар билан ажралиб турмайди. Қочоқларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини (уй-жой, таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш, иш билан таъминлаш) ва Туркиянинг меҳмондўстлигини таъкидлашимиз керак», - деди Гранди. 

Унинг сўзларига кўра, Туркия уч йил давомида қочқинларга энг кўп бошпана берган мамлакат мақомини сақлаб қолмоқда.

Олий комиссар бу йил қочқинлар ва муҳожирлар тақдири бўйича умумий масъулият ҳақида глобал битим имзоланишини эслатди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилининг сўзларига кўра, Туркия бу битимда назарда тутилган аксарият ишларни бажарди.

«Битимнинг асосий мақсади - қочоқларга ёрдам бериш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдир», - деди Гранди. 

Олий комиссарнинг таъкидлашича, Туркия узоқ вақт қочқинлар масаласида қўллаб-қувватловдан маҳрум бўлган.

«Туркияга нафақат молиявий ёрдам, балки қочоқларни жойлаштириш борасида ҳам ёрдам керак», - деди Гранди. 

БМТ вакили шунингдек, Сурия можароси тезда якунланишига умид билдирди.

«Биринчидан, бу сурияликлар учун керак. Суриядаги қочқинлар ва зўравонлик масалаларини ҳал қилиш вақти келди. Туркияни ва сиёсий жараённинг барча томонларини Сурия можаросини ҳал қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга чақираман», - дея айтиб ўтди Гранди. 

Top