Жамият | 15:10 / 18.02.2018
22527
13 дақиқада ўқилади

Чилим ва электрон сигаретларни қонун йўли билан тақиқлаш вақти етмадимикан?

Маълумотларга кўра, чилим ва электрон сигарет саратон келтириб чиқарар экан. Жамиятни булғовчи бу каби иллатларни қонун йўли билан “жиловласа” бўлмайдими? Бу ҳақда Milliy tiklanish газетаси мухбири ўз фикрларини билдириб ўтган. 

Дугонам туғилган кунини пойтахтимиздаги ресторанлардан бирида нишонлади. Ҳамма курсдош қизлар йиғилиб, туғилган кунга бордик: кимдир ўғлини, кимдир ҳали мучал ёшини қаршиламаган қизини етаклаб олган. Аввалига ҳаммаси жойида эди. Аммо, сал кейинроқ ресторан йигит ва қизлар (улар орасида ўсмирлар ҳам бор), ўрта ва катта ёшли эркак ва аёллар билан гавжумлашди. Рестораннинг кичик хоналарини эгаллаган ёш йигит-қизлар овқатланишни ҳам четга суриб, тутун буруқсита бошлашди. Шунда кичик меҳмонларимиздан бири “Ойижон, ана улар нима қилишяпти?”, деб сўраб қолди. Суриштирсак, бу сўнгги пайтда урф бўлаётган “замонавий” ҳаёт кечиришнинг янги қилиқларидан – чилим ва электрон сигарет чекилаётган экан…

Орадан анча вақт ўтди, бироқ ўша манзара кўз олдимдан ҳамон кетмайди.

Саволлар ёпирилиб келади: тўрт-беш кишилик зиёфат учун оддий хизматчининг камида бир ойлик маошини тўлаб чиқаётган бу йигит-қизларнинг ота-онаси ҳали талаба фарзандига қандай қилиб шунча пул беряпти? Улар “замонавийлик белгиси” деб биладиган чилим ва электрон сигарет чекишини, ярим тунгача кафе-ресторанларда вақтичоғлик қилишини оила катталари билармикин? Ёки чилим ва электрон сигаретга муккасидан кетиш даражасига бораётган ёшлар унинг зарарли жиҳатларидан бехабарми?..

Ҳа, инсон табиати янгиликка ташна. У хоҳ фойдали, хоҳ зарарли янгилик бўлсин, уни ўз ҳаётида, албатта, қўллаб кўргиси келади. Глобаллашув шиддати онг-қалбимиз ва ҳаётимизда шундай ўзгаришлар содир этмоқдаки, ундаги фойдали жиҳатлардан кўра, зарарлилари тез орада ўз акс таъсирини кўрсатмоқда.

Бироқ статистика барибир қайсар индикатор: БМТ маълумотларига кўра, дунёда кашандалик оқибатида ҳар йили 5,4 миллион, ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмади. Мутахассисларнинг фикрича, зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб кашандалик ҳар йили 8 миллион кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлади. Дунёда чекувчилар сони бўйича биринчи ўринда Хитой, кейин Ҳиндистон ва Индонезия туради. Чекиш оқибатида келиб чиқадиган йиллик иқтисодий зарар 200 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетмоқда.

Ҳозир кашандаликнинг янги кўринишлари — электрон сигарет ва чилимлар, афсуски, дунё бўйича тамаки чекиш миқдорини кескин оширмоқда. Электрон сигарет ҳам оддий тамакидан фарқ қилмайди, аксинча ундан зарарлироқ. У никотинли картриж, электрон чип, литийли аккумлятор ва миттигина диодли ёритгичдан иборат. Кашанда уни чекканда сигарета ҳидини ҳам, зарарини ҳам сезмайди, ундан фақат сув буғи кўтарилади, холос, деб ўйлайди.

Холбуки, электрон сигарет таркибида қўрғошин, маргимуш ва бошқа токсик моддалар кўп учрайди. Кашандаликка берилиш оқибатида инсон саломатлигини, насллар давомийлигини хавф остида қолдиради. Соғлом турмуш тарзига риоя этаётган инсонлар кашандаларга нисбатан 15 йил узоқ умр кўриши тажрибада исботланган бўлса-да, электрон сигарет яратилганидан буён ўтган муддатда унинг истеъмолчилари сони кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ.

Чилим зарари  эса тамаки маҳсулотларини чекишдан кўра кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Чилим чекиш давомида инсон жуда кўп миқдорда тамаки тутуни ютиб,  шунга мос равишда организмга жуда катта миқдорда зарарли моддалар тушиб қолади. Чилим чекиш жараёнида ўта зарарли токсинлар қонга тез сўрилади ва инсон соғлиғига катта путур етказади.

— Тамаки тутунининг таркибида тўрт мингга яқин модда бўлиб, ҳаммаси инсон саломатлигини емириши тажрибаларда исботланган, — дейди Тошкент тиббиёт академияси ички касалликлар кафедраси доценти Ҳилола Мираҳмедова. — У қон таркиби айланишини бузиб, томирларни қотиради. Чекиш оқибатида астма, ўпка саратони, юрак-қон томири, гипертония, оғиз бўшлиғи касалликлари келиб чиқади. Афсуски, мамлакатимизда ҳам “замонавий” чекувчилар сони ортиб бормоқда. Электрон сигарет ва чилим чекиш кашандаликнинг янги турлари сирасига кириб улгурди. Ачинарлиси, кашандалар орасида ўсмирлар ва аёллар ҳам учрайди. Чилим чекиш юрак қисқариши ритмини тезлаштириши сабабли, юрак хасталигига чалинган инсонлар учун жуда хавфли. Чилим ва электрон сигаретларни гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида гепатит, стафилакок, сил, грипп ва бошқа шу каби инфекцияларни юқиш хавфи кўп марта ошади, шунингдек, чилим чекиш инсон асаб тизимига ҳам салбий таъсир қилади.

Айтиш жоиз, чилимни тамаки маҳсулотлари ёки мевали аралашмалардан иборат қўшимчалар билан чекишдан қатъи назар оғиз бўшлиғи, тил, лаб, томоқ, ўпка, ошқозон каби органларнинг саратон билан касалланиш хавфи кескин ортади. Тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган санитар меъёр ва қоидалар талабларига риоя этилган стандарт ва технологиялар асосида тайёрланади. Бироқ чилим чекишда фойдаланиладиган қўшимчаларнинг таркиби номаълум бўлиб, уларнинг сифатига бўлган талаблар қонунчиликда кўзда тутилмаган. Шу сабабли никотинсиз аралашмалар инсон саломатлиги учун барча ёнувчи моддалар каби хавфли ва зарарлидир.
Чекиш жараёнида организмга ис газидан ташқари катта миқдорда хром, никотин, қўрғошин, карбоксигемоглобин ва бошқа зарарли бирикмаларининг тушиши юрак қон-томир, ўпка етишмовчилиги, овқат ҳазм қилиш тизимларини бузилишига, жинсий ва репродуктив қобилиятни сусайтириб онкологик касалликларнинг ривожланишига олиб келади.

Таркибида гавайи атиргули ва мовий нилуфар унсурлари мавжуд бўлган чилим аралашмаларининг инсонга таъсири психотроп ва наркотик воситалардан кам эмас. Шунингдек, чилим чекишда тамаки маҳсулоти ва мевали аралашмалар билан бир қаторда камроқ миқдорда бўлса-да наркотик моддалар ва соғлиқ учун зарарли бош¬қа ингридиентларни истеъмол қилиш ҳоллари ҳам учраб туради. Масалан, фильтр вазифасини ўтовчи сув ўрнига таъсир кучини ошириш мақсадида алкоголь маҳсулотларидан фойдаланилади.

Жамиятнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий вазифаларидан бири, чекмайдиганларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, яъни ижтимоий аҳамиятга эга жой, объект ва транспорт воситаларида чекишни тақиқлаш, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборатдир. Бироқ ёшлар, аёллар ва ўсмирларнинг миллий қадрият, анъана ва одоб қоидаларига зид бўлган бундай зарарли иллат домига илинаётгани масаланинг нақадар долзарб эканини кўрсатади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси чилим ва электрон сигаретларнинг инсон саломатлиги учун зарарли оқибатларини ўрганди. Тадқиқот натижалари чилим ва электрон сигаретларнинг тамаки маҳсулотларига қараганда инсон саломатлигига кам таъсир этиши тўғрисидаги нотўғри қарашларнинг ҳақиқатга зид келишини кўрсатди. Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигаретларни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам айни мақсадда ишлаб чиқилди.

— Дам олиш кунлари фарзандларимни уйимиз ёнидаги болалар майдончасига олиб тушаман, улар дўстлари, тенгдошлари билан турли ўйинлар ўйнашади, кичкинтойлар арғимчоқ учишади, — дейди тошкентлик уй бекаси Камола Ҳамроева. — Шундай сайрларимиздан бирида 2 ёшли ўғлим майдончадаги сигарета қолдиғини олиб чека бошлабди, буни кейинроқ пайқаб қолдим. Бу ҳолатдан қандай аҳволга тушганимни тасвирлаб беролмайман. Аввало, ҳали энди ҳаётни таний бошлаган болакай сигарета нималиги ва уни қандай чекишни билиши, иккинчидан ерда ётган тамаки қолдиғидаги тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўп миқдордаги зарарли моддалар фарзандимнинг ичига кириб улгургани мени хавотирга солиб қўйди. Шунда қўшниларимдан бири “турмуш ўртоғингиз сигарета чеккани учун болангиз ҳам буни дарров ўзлаштирибди”, деди. Аммо, турмуш ўртоғим умуман тамаки чекмайди. Шунда мен фарзандларимни жамоат жойларида бундай манзарага кўп бор дуч келиши, овқатланиш, савдо шахобчалари ва кўчадаги сайрларда (ҳатто, баъзан ҳомиладор аёллар ҳам чекаётганига кўзимиз тушади) бу иллат билан аллақачон таниш бўлганини ўйладим. Аҳоли саломатлигига зарар етказиш билан бир қаторда ўғил-қизларимиз тарбиясига жиддий таъсир кўрсатувчи бундай иллатларнинг олди олинса, қонун билан тартибга солинса, ҳар жиҳатдан фойдали бўларди.

— 16 ёшимдан буён сигарета чекаман, — дей¬ди ўзини Сардор деб таништирган йигит. — Бу одат, даставвал, ўсмирликнинг қизиқувчанлиги, қизиққонлиги билан бошланган бўлса, кейинчалик унга ўрганиб қолиб, одатий ҳаёт тарзимга айланди. Унинг соғлиқ учун зарар эканини билсам-да, ҳеч воз кеча олмайман. Олти ойлаб чекмай юрган пайтларим ҳам бўлган, аммо яна тарки одат амри маҳол, деганларидек, кунига 10-12 маҳал чекаман. Бир қути сигарета 2 кунга етмайди. Агар чекишнинг биргина иқтисодий томони ўйлаб кўрилса ҳам, унинг катта зарар эканини англаш қийин эмас. Тан олиб айтаман, кашандалик бекорчилик оқибатида келиб чиқадиган иллат. Агар одам ўсмирлик ёшидан фойдали иш, ҳунар, ўқиш ёки кундалик юмушлар билан банд бўлса, кун тартиби тўғри йўлга қўйилса, ўйлайманки, бундай зарарли одатларга ёндашмаслиги аниқ.

Нима фойда-ю, нима зарарлигини яхши анг¬лайдиган ушбу суҳбатдошимиз ўзини кашандалар сирасига киритмаслиги ажабланарли. Унинг айтишича кунига 2-3 қутилаб тамаки чекадиганлар, айниқса, ҳозир электрон сигаретга ружу қўйиб бораётганлар кўп экан. Айниқса, тунги пайтларда кафе, ресторанларда электрон сигарет ва чилим чекиш “урф”га кириб бормоқда.

Кашандаликнинг психологик жиҳатлари ҳам борки, ундан воз кечиш инсон иродаси, психологияси билан боғлиқ ҳолат.

— Кашандалик, асосан, зерикиш, банд бўлмаслик, ўз ҳаётидан норозиликдан келиб чиқади, — дейди психотерапевт Зебо Аҳмедова. — Аввал қизиқишдан бошланган бу ҳолат йиллар ўтиб чуқурлаша боради. Чекувчи реал эмас, нореал ҳаётни маъқул кўра бошлайди. Нореал ҳаёт — кашандалик, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик кўринишларида намоён бўлади. Кашанданинг иродаси заифлаша боради. Ирода марказининг тўсилиши эса муаммоларни ҳал қилолмасликка, қарамликка олиб келади. Шу боис, ёшларда, аввало, иродали бўлишни тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини тўғри тақсимлаш, ўзига бўлган ишончини ошириш лозим. Шунда биз иродаси мустаҳкам, иймони бутун, кенг дунёқарашли, ҳеч қандай таъсирларга қарам бўлмаган авлодни тарбиялашга эришамиз. Шунингдек, ёшларда катталарга тақлид қилиш, улар ҳатти-харакатини такрорлашга интилиш кучли бўлади. Ота-онасининг одатлари, вақт ўтиб фарзандида такрорланади. Бу жараёнда катталар ибрати ҳам муҳим аҳамият касб этади. “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигаретларни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали бу ҳолатга чек қўйиш, албатта, ўз натижасини беради.

…Орамизда шундай кишилар борки, кашандаликнинг оқибатини била туриб, саломатлиги, оиласи, фарзандларининг келажагига панжа орасидан қараб, унга ружу қўяди. Мутахассислар фикрича, соғлом турмуш тарзини яратишда, аввало, тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Худди шундай электрон “кашандалик” ҳам шакли ўзга, зарари ва оқибати бир хил бўлган глобал муаммолардан. Бу иллатнинг илдизини тезроқ қирқиш учун кўнгилочар жойларда чилим чекиш билан боғлиқ хизматлар турларини кўриб чиқиш, уларни қонун билан тақиқлаш кундан кун долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, бугун чекишнинг замонавий турларини ҳаётида қўллаб кўришни хоҳлаётган ёшларни хорижий тилларни пухта ўрганиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, илм-фанда янгилик киритиш ва янгича яшашнинг замонавий шаклларини ўзлаштиришга йўналтириш катта авлод вакилларининг муҳим вазифасидир.

Шоҳида Даманова

Мавзуга оид

Эълонлар

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Chery газга ўтмоқда: кафолат тўлиқ сақланиб қолади, ўрнатиш эса 31 майгача бепул!

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Карлови Вари — Европанинг асосий соғломлаштириш жойи

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Chery газга ўтмоқда: кафолат тўлиқ сақланиб қолади, ўрнатиш эса 31 майгача бепул!

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Карлови Вари — Европанинг асосий соғломлаштириш жойи

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Chery газга ўтмоқда: кафолат тўлиқ сақланиб қолади, ўрнатиш эса 31 майгача бепул!