Жамият | 11:09 / 06.08.2020
15375
2 дақиқада ўқилади

«Вейпларнинг зарари сигаретдан кам эмас» – Ўзбекистонда ҳам тамакини чеклашга йўналтирилган қонун қабул қилиниши кутилмоқда

Россия президенти Владимир Путин тамакига қарши курашга йўналтирилган қонунни имзолади. Унинг таъсир доирасига тамаки қиздирувчилар ва электрон сигаретлар ҳам киради, шу билан бирга снюс ва таркибида никотини мавжуд чекилмайдиган маҳсулотлар ман этилган. Худди шундай қонун сал аввалроқ Қозоғистонда қабул қилинган эди.

Фото: AP

Эндиликда Россияда буғ билан чекиладиган вейплар ва тамаки қиздирувчи ускуналар оддий сигаретларга тенглаштирилди. Снюс (ёстиқча кўринишидаги шимиладиган тамаки маҳсулотлари) ва шунга ўхшаш бошқа маҳсулотлар истеъмол учун бутунлай ман қилинди. Бу чекловлар ушбу маҳсулотларнинг зарари оддий сигаретлардан кам эмаслиги исботланган тадқиқотлардан сўнг қабул қилинди.

Бир ой олдин, 7 июль куни шу каби қонун Қозоғистонда қабул қилинди. Республика раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев «Халқ соғлиғи ва соғлиқни сақлаш тизими» тўғрисидаги кодексга имзо қўйди.

Хусусан, Iqos ва Glo каби тамаки чекишнинг янги тизимларининг истеъмолини чеклашга ҳамда снюсларни мамлакатга олиб кириш, ишлаб чиқариш ва тарқатишга чекловлар ўрнатилди.

Шу билан бирга яқинда The Guardian нашри вейп чекувчилар ва уларнинг атрофидагилар Covid−19’га чалинишга мойилликлари юқорироқлиги ҳақида огоҳлантирган. 20 минг нафар чекувчиларни ўрганиш натижасида маълум бўлдики, уларда коронавируснинг оғир шакллари намоён бўлишининг хавфи икки карра юқори экан. Ҳарвард университети қошидаги Чан жамоатчилик соғлиқни сақлаш мактаби олимларининг таъкидлашича, вейп чекишга бўлган мойиллик ҳукуматнинг коронавирусга қарши курашига халақит бермоқда.

«Ўзбекистонда ҳам Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилиниб, шу кунларда тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.

Унда қўшни мамлакатларда қабул қилинган янги нормалар – тамакини қиздирувчи ускуналар ва вейпларни оддий сигаретларга тенглаштириш ҳамда никотин ёстиқчаларини тақиқлаш чоралари ҳам акс этса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки уларнинг зарари сигаретдан кам эмас, таркибида никотин ва тамаки мавжуд, демак, ҳамюртларимизни чекиш каби зарарли одатдан халос қилмайди», дейди ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Мавзуга оид