12:56 / 19.02.2018
7831

Январь ойида неча сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг январь ойида республикада 1966,4 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93,9%ни ташкил этди ва 2016 йилнинг январь ойига нисбатан 8,2 % пунктга камайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларида айтилади.

Шунингдек, йирик пудрат ташкилотлари томонидан қурилиш ишлари ҳажми 297,3 млрд.сўмни ёки 64,2%ни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,7% пунктга камайди. Жорий даврда республиканинг аксарият ҳудудларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан йирик қурилиш пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини камайиши кузатилди.

Қурилиш ҳажмининг энг юқори даражаси қуйидаги ҳудудларда кузатилди:

- Навоий вилоятида (107,7 млрд сўм ёки 116,0%) - «Амударё-Зарафшон» сув қувурининг учинчи линияси насос станцияларини реконструкция қилиш, «Кўкпатас» ва «Даугизтау» конларини қазиб олиш технологиясини такомиллаштириш ҳисобидан қуриш;

- Тошкент шаҳрида (453,6 млрд сўм ёки 113,4%) - кўприк ва Юнусобод метро линияси қурилиши, Тошкентда темир йўл ҳалқасининг қурилиши, Тошкент педагогика институтини реконструкция қилиш, 2-аэропортни реконструкция қилиш, миллий боғни реконструкция қилиш;

- Наманган вилоятида (108,9 млрд сўм ёки 106,5%) - Чуст ва Уйчи туманларида кўприк қурилиши, Норин дарёси ҳудудида автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш ва кўприк қурилиши ҳисобига амалга оширилди.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қурилиш ишлари ҳажмининг камайиши Бухоро вилоятида - 95,3% (170,1 млрд сўм), Хоразм вилоятида - 96,1% (82,0 млрд сўм) қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида қурилиш ишларининг катта қисми Тошкент шаҳрида бажарилган бўлиб, республикада бажарилган жами қурилиш ишларининг 23,1%ини ташкил этди, Бухоро вилоятида бажарилган қурилиш ишлари эса 8,6%ни, Самарқанд вилоятида 8,4%, Фарғона вилоятида 8,3% ва Қашқадарё вилоятида 8,1%ни ташкил этди.

Республикада амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажмидаги улуши бўйича паст кўрсаткичлар: Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич энг паст 1,9%ни ташкил этди. Шунингдек, Жиззах ва Хоразм вилоятларида ушбу кўрсаткич 4,2%ни ташкил этган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасида 4,6%ни ташкил этган.

Қурилиш ишлари мавсумининг бошланиши билан ҳудудларда бажариладиган қурилиш ишларининг ҳажми ортиб, уларнинг республикадаги улуши ҳам ўзгариб боради.

Ҳудудий қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан 2018 йил январь ойида 1113,0 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, умумий қурилиш ишлари ҳажмининг 56,6%ни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,8%ни ташкил қилди.

Ҳудудий қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ҳажмининг энг юқори даражаси Қашқадарё (99,8 млрд сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,4%), Сурхондарё (мос равишда, 65,1 млрд сўм ёки 114,4%), Жиззах (49,2 млрд сўм ёки 107,9%) ва Наманган (75,4 млрд сўм ёки 107,4%) вилоятларида кузатилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича қурилиш ишларининг асосий қисми қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, турар жой ва яшаш учун мўлжалланган бинолар қуриш ҳамда яшаш учун мўлжалланмаган биноларни қуриш бўйича амалга оширилган қурилиш ишларидан ташкил топди. Фуқаролик объектлари қурилиши ва ихтисослаштирилган қурилиш ишлари ҳажми ҳам ўтган йилга нисбатан кўпайган.

Top