23:20 / 21.02.2018
73687

Андижон вилоятида яна нефть ва табиий газ конлари топилди

2017 йилнинг ноябрь ойида Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги Учтепа қишлоғида олиб борилаётган нефть қидириш ишлари давомида табиий газ кони топилганди.

Айни пайтда соҳа мутахассислари томонидан мазкур кондаги «зангори олов» неъматини жиловлаш ишлари якунланган. Кон очилган ҳудудга газни фильтрловчи ва тозаловчи ускуналар ўрнатилиб, тўлиқ ишга тушди. Мазкур 3-қудуқдан 100 атмосфера босимида соатига 2300-2400 кубометр газ оқими чиқмоқда.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Яна айнан ўша Учтепа қишлоғидан янги нефть кони топилгани ҳақида тарқалган маълумотга ойдинлик киритиш мақсадида Булоқбоши туманига бордик.

Маълум бўлишича, 5-қудуқдан мутахассислар томонидан олиб борилган бурғилаш ва пармалаш ишлари давомида 1250 метр чуқурликдан истиқболли нефть кони топилган. Айни пайтда йирик «қора олтин» захираси аниқланган жойда излов-қидирув қудуғини демонтаж қилиш ишлари давом этмоқда. Топилган нефть конининг бир кунлик дебити суткасига 60 тоннадан зиёд эканлигини айтилмоқда.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Шунингдек, Учтепа қишлоғи ҳудудидан яна бир йирик захирага эга газ кони топилган. 1134 метр чуқурликда ижобий натижа берган қудуқда олиб борилган геологик изланишлар натижасида шуниси маълум бўлдики, ҳозирда 4-қудуқнинг бир кунлик дебити 300.000 м3/суткани ташкил этмоқда. Бу бир ойда битта оила ўртача 1000 м3 табиий газдан фойдаланадиган бўлса, ушбу қудуқнинг бир кунлик дебити ўртача 300 хонадонни бир ойлик газ билан таъминлаши мумкин. Ҳар икки газ конида «Ўзтрансгаз» АЖ, «Андижонгаз» ҳудудий газ таъминоти филиали мутахассислари иш олиб бормоқда.  

Фото: Kun.uz

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон                      

Top