Ўзбекистон | 11:37 / 22.02.2018
34846
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги девор бузиб ташланди

“Саразм-Жартепа” назорат-пункти. Фото: akipress.org

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятини боғлаб турувчи “Саразм-Жартепа” назорат-пунктидаги катта девор бузиб ташланди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Деворни бузиш маросимида ҳар икки давлат чегарачилари делегациялари иштирок этди. Икки давлат сарҳадидаги мазкур тўсиқ 2010 йилда қурилган бўлиб, унинг баландлиги 3 метр ва узунлиги 10 метрга тенг эди.

Тожикистон давлат ҳокимияти вакилларининг қайд этишича, мазкур пунктда терминал, меҳмонхона ва автотураргоҳ барпо қилинади.

Панжикент тумани Саразм қишлоғида яшовчи Осим Жамоловнинг айтишича, маҳаллий аҳоли чегарадаги ўзгаришларни бир-бирига қўшни икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янада яхшиланиб бораётганининг яна бир тасдиғи деб билади.

Тожикистонлик журналист Шоҳин Равшан эса айни пайтда Панжикентда Наврўз байрамига қизғин тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлар экан, байрам тадбирларида Ўзбекистондан делегация ташриф буюриши ҳам кутилаётганини эътироф этди.

Мавзуга оид