18:40 / 23.02.2018
9170

Бандлик ва меҳнат муносабатлар вазирлиги 2017 йил якунлари бўйича ҳисобот берди

Фото: KUN.UZ

2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 229,9 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди ва 27,1 минг киши жамоат ишларига жалб этилди. Шу билан бирга, 6,6 минг киши касбга ўқитилди ва қайта тайёрланди. Бундан ташқари, 10,4 минг кишига ишсизлик нафақаси тайинланди. KUN.UZ мухбири 23 февраль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Иш излаётган кишилар учун 2017 йилда 1218 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 59,3 мингга яқин иш берувчи вакиллари ва 204,9 минг иш излаётган фуқаро иштирок этди. Ярмаркалар натижасига кўра, 52,2 минг шахс ишга йўлланма олди. 133 мингдан зиёд фаол иш излаётганларга меҳнат, бандлик ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашганлигини мониторинг қилиш бўйича махсус ташкил этилган “college.mehnat.uz” ахборот тизими маълумотларига кўра, 2016-2017 ўқув йили битирувчиларининг 332,8 минг (73,4%) нафарининг бандлиги таъминланди.

Шу билан бир қаторда аҳолини ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича 2017 йилда кам таъминланган 652 минг оилага ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланди.

Бундан ташқари, тадбирда 2018 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, 9936 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаш чораларини кўриш режалаштирилгани маълум қилинди.

Янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2017 йилда 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига 2017 йил учун 84 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2018 йил учун шу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш ва аҳоли даромадларининг ўсишига ҳисса қўшиш мақсадида 714 миллиард сўм ажратилди.

Top