Жаҳон | 14:27 / 23.02.2018
11524
3 дақиқада ўқилади

«Майнабозчилик» - Сурия бўйича Остонадаги музокаралар танқид қилинди

Фото: AP

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Ҳизер Нойерт журналистлар учун брифингда Россиянинг Суриядаги вазиятга ечим топиш бўйича сўнгги ташаббусларини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Остонадаги музокара жараёни муваффақиятсизликка юз тутди, Сурияда шакллантирилган кескинликдан холи ҳудудларни эса у «майнабозчилик» деб атади. 

Нойерт Шарқий Гутадаги вазият ҳақида берилган саволга жавоб қайтариб, «Сурия режими» томонидан сўнгги кунларда у ерда тинч аҳоли вакилларидан 400 дан ортиғи ўлдирилганини айтган. «Барчамиз биламизки, режим нафақат Россиядан, балки Эрондан ҳам қўллаб-қувватлов олади. Бу Россия у ерда рўй бераётган нарсалар учун бутунлай масъул эканидан эслатма. Россия Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватламаганида, албатта, вайронагарчиликлар ҳам, ўлимлар ҳам юз бермасди», - дея маълум қилди Нойерт.

Унинг билдиришича, Давлат департаментига АҚШ Остонадаги музокараларда иштирок этаётганига ойдинлик киритиш мақсадида кўплаб саволлар берилади. Суриядаги ҳодисалар, Нойертнинг фикрича, «Остонада ўтаётган жараён муваффақиятсизликка юз тутганини кўрсатади». «Айнан шунинг учун АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар ҳукумати энг яхши вариант сифатида Женева жараёнини илгари сурмоқда, у охир-оқибат Сурияда тинчлик ва сиёсий ечимга олиб келади», - дея маълум қилди у.

«Остона» ўзида нимани бирлаштирганини бир эслаб кўринг? Россия ва Эрон унинг кафолатчилари эди. Улар кескинлик холи ҳудудларни яратди ва улардан бири Шарқий Гута эди. Улар у ерда одамларни очликка гирифтор этишди, у ерга гуманитар ёрдамни ўтказишмади, биз айбсиз оддий фуқаролар ўлдирилганини кўрдик», - дея давом этган Давлат департаменти вакили.

«Албатта, бу кескинликдан холи ҳудуд эмас. Улар шундай ҳудудларни яратиш саъй-ҳаракатларига қайтиши мумкин, бироқ биз улар буни Женевада қилишларини хоҳлаймиз. Буларнинг бари бу кескинликдан холи ҳудудлар қандай майнабозчиликка айланганини кўрсатади», - дея хулоса қилди Нойерт.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид