19:00 / 23.02.2018
8730

Ўзбекистон парламенти спикери Жанубий Кореяга борди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Се Гюн “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик бўйича англашинув Меморандуми”ни имзолади.

2018 йил 21 февраль куни, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси мажлислар залида икки давлат Парламенти вакиллари ўртасида самарали мулоқот бўлиб ўтди. 

Томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида тўхталишди.

Ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифаларни бажаришда зарур воситаларни ишга солиш юзасидан фикрлар алмашилди.

Корея Республикаси томони парламентлараро алоқаларда Олий Мажлис вакилларининг 11 йил олдинги Корея Республикасига ҳамда Чон Се Гюннинг 2017 йил 11 сентябрдаги Ўзбекистонга ташрифи аҳамиятига алоҳида тўхталишди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойидаги Давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни тубдан янги босқичга олиб чиқилганини таъкидлашди.

Ўзбекистоннинг жорий йилнинг 10 февралидан Корея Республикаси фуқароларига виза тизимини бекор қилгани икки мамлакат фуқароларининг ҳам ўзаро фаол дўстлашуви ва ҳамкорлигини юксалтиришга имкон бериши юксак баҳоланди.

Н.Исмоилов Президент Ш.Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифидан сўнг Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва иқтисодий соҳада кўплаб ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилганини билдирди. Шунингдек, у ташриф давомида қатор шифохоналар фаолияти билан яқиндан танишиш ва келгусида улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятида эканлигини айтиб ўтди.

Музокаралар якунида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Томонлар мазкур меморандум нафақат икки мамлакат парламентини, балки ҳар икки давлатни янада бир-бирига яқинлаштиришини таъкидлашди.

Меморандум икки томонлома сиёсий, иқтисодий, савдо, инвестиция масалаларини қамраб олган ва унда икки томонлома тажриба алмашиш, парламентда “ақлли ахборот коммуникация технологиялари”ни жорий этиш каби қатор масалалар назарда тутилган.

Top