Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Харитада номи йўқ қишлоқ» учун ажратилган пулни ким туя қилди?
Таҳририятимизга Жиззах вилоятидан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш асносида Зомин туманидаги «Ўртақишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинидаги сув билан боғлиқ ва муаммолар эътиборимизни тортди. Биз — журналистлар шикоятни ўз жойида ўрганиш мақсадида Ўртақишлоққа қишлоғига йўл олдик...
«Ўртақишлоқ» МФЙга қарашли ушбу қишлоқ туман маркази Зомин шаҳарчасидан Жалойир қишлоғи орқали Култепа қишлоғига элтувчи йўлдан чап томонда, ичкарироқда жойлашган. Қишлоққа олиб борувчи йўл тошлоқдан иборат. Умуман асфальт кўрмаган. Маҳалла оқсоқоли Файзулла Душановнинг бизга тушунтиришича, йўлсозларга бу борада мурожаатлари ҳам қатор йиллардан буён жавобсиз қолиб кетмоқда. Қишлоқ йўли носозлиги туфайли қишлоқдан автобус ва бошқа уловлар ўтмайди. Туман ва вилоят марказига бориш учун қишлоқ аҳолиси километрлаб йўл босиб, катта кўчага чиқишлари керак бўлади. Мутасаддилардан «сизлар умуман харитада йўқ қишлоқсизлар», деган жавобни ҳам эшитишгани ҳайратланарли, албатта.

Лекин 170дан зиёд хўжалик истиқомат қилувчи хўжаликни асосан сув муаммоси қийнаб келмоқда. Тоғ этагидаги водийда, унумдор ерлар сувсизликдан қақрамоқда. Аҳоли ўзига тегишли томорқа хўжаликларида ҳам рўзғори учун бирор нарса етиштиролмай қийналиб келмоқда.
Қишлоқда ичимлик суви муаммоси бир қадар ҳал қилинган. Мактаб олдида бутун бир қишлоқ учун ягона артезиан қудуғи ишлаб турибди. У ҳам қишлоқда электр токи бўлсагина ишлайди. Одамлар турли идишларга сув тўлдириб, кундалик турмушда фойдаланишмоқда. Лекин томорқаларни суғориш учун сув йўқ.

Ушбу воқеада энг ҳайратланарли томони шундаки, вилоят ҳокимлиги «Қишлоқ ҳаёти» газетасида ушбу қишлоқни сув билан таъминлаш мақсадида тендер танлови эълон қилган. Давлат томонидан ҳайиткултепаликларни сув билан таъминлаш мақсадида керакли чоралар кўрилган. Тендер танловини «Golden Dream» корхонаси ютиб олган. Сўнгра техник шартлар асосида бир қатор ишлар амалга оширилган. Қишлоққа қўшни Култепа қишлоғидан қувурлар тортилган. Култепанинг ўзида сув айирғич ёпиқ ҳовуз бунёд этилган. Ўртақишлоқнинг ўзида сув йиғув катта бочка ўрнатилган...

Лекин бочкага ҳам, қишлоққа сув келмаяпти. Чунки лойиҳа ишлар «мендан кетгунча эгасига етгунча» қабилида бажарилиб, давлат бюджетининг миллионаб маблағлари осмонга совурилган. Лойиҳада кўрсатилган 160 миллиметрлик қувур ўрнига 110 миллиметрлик қувур ишлатилган. Уни кўмиш, ўтказиш, монтаж қилиш ишлари рисоладагидек бажарилмаган. Санитария, гигена нормаларига мутлақо амал қилинмаган. Қувурлар аҳолининг молхона ва ҳожатхоналаридан йироқроқдан ўтказилиши керак бўлса-да, бундай талабларга амал қилинмаган.

Қишлоқдошлари номидан мана шу ишлар билан шуғулланиб, мутасадди идоралар эшигини қоқаётган Нурилло Аллабердиевнинг айтишича, қишлоқ аҳлининг бу борадаги коллектив мурожаатлари эндиликда жавобсиз қолмоқда. Пайдо бўлган муаммолар олдида мутасаддилар елка қисишдан ўзга чора топишолмаяпти.
Шуҳрат Шокиржонов,
Азиз Қаршиев.
Kun.uz мухбирлари
Мавзуга оид
08:47 / 16.05.2026
Кореяга ишчи визаси олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
09:44 / 19.04.2026
Жиззах вилоятида автобус ЙТҲга учради
09:03 / 15.04.2026
Ўзбекистон Зомин тоғларини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш жараёнини бошлади
16:30 / 30.03.2026