Ўзбекистон | 15:50 / 26.02.2018
5523
2 дақиқада ўқилади

Грузия Ўзбекистон учун транзит юк ташиш нархини 50 фоизга арзонлаштирди

Фото: Ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 22 ва 23 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири ўринбосари С.Саифназаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тбилисида бир қатор вазирлик, идора ва компаниялар вакиллари билан учрашув ўтказди.

Грузиянинг иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини Тбилисида ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши доирасида махсус битимлар ва шартномалар тузиш, хусусан, транспорт ва логистика соҳасида, Грузия ҳудудидан ўтадиган транспорт коридорлар бўйича ҳамда Тбилиси шаҳрида қўшма савдо уйининг очилишига тегишли масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси «Грузия темир йўллари» ОАЖ раҳбарияти билан учрашди ва темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро транспорт коридорларидан самарали фойдаланиш ҳамда икки давлат темир йўллари орқали транзит юкларини ташиш ҳажмини кўпайтириш бўйича келишувларга эришишди.

«Ушбу музокараларнинг натижаларидан бири, бу Грузия томонидан барча турдаги ўзбек маҳсулотларини ташиб ўтилиши учун 50 фоиз чегирманинг тақдим этилишидир», - дейди ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Грузия қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тбилиси шаҳри ҳокимиятида бўлиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникасининг бутун линияси тақдимоти билан яқиндан танишди шунингдек, катта маҳаллий автодилерлар билан учрашувлар ўтказилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид