Россия Олимпия қўмитасининг Халқаро олимпия қўмитасидаги аъзолиги тикланди
Халқаро Олимпия қўмитаси Россия Олимпия қўмитасининг ташкилотга аъзолигини тиклади. Россиянинг аъзолиги Пёнгчангдаги Олимпиададан 2 ой олдин тўхтатилганди. Бу ҳақда ХОҚ аъзоси ва Россия Олимпия қўмитасининг фахрли президенти Шамил Тарпишев маълум қилди.
“Спортчиларимиз текширувларининг барча натижалари уларнинг “тозалигини” кўрсатди. Россияга қоидага кўра ҳеч нарса қилиш керак бўлмаган, унинг аъзолиги автоматик равишда тикланди ва ХОҚда бу борада ҳеч қандай эътироз йўқ”, деб маълум қилган Тарпишев.
“Россия спорти учун янги боб очилмоқда. Барчасини тоза саҳифадан бошлаш керак ва шунга ўхшаш вазият ва муаммолар бўлмаслиги учун ёзги Олимпиада ҳақида ўйлашимиз лозим. Бу биз учун жуда муҳим воқеадир”, деб айтган Тарпишев.
Россия Олимпия қўмитаси раҳбари Александр Жуков ХОҚдаги аъзолик тикланганини тасдиқлаган.
“Бугун биз ХОҚдан аъзолик тиклангани ҳақида мактуб олдик. РОҚнинг аъзолиги тикланиши Пёнгчангдаги Олимпиададан олинган допинг-синовлар текширилиши тугаши билан боғланган. ХОҚ россиялик спортчилар допинг-синовларининг қолган натижалари салбий эканлигини тасдиқлаши мумкин. Бу эса РОҚнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланганини англатади”, деб айтган Жуков.
Жуков россиялик олимпиячиларга ХОҚ шартларини бажарганликлари учун миннатдорлик билдирган.
ХОҚқа қайтиш россиялик спортчилар Олимпиадаларда мамлакатлари байроғи ва мадҳияси остида иштирок эта олиш имкониятини олганларини англатади.
РОҚнинг ҳуқуқлари Пёнгчангдаги Олимпиаданинг сўнгида тикланиши ва россиялик спортчиларга ўйинлар ёпилиши маросимида байроқ қайтарилиши кутилганди, бироқ бу юз бермади. Бунга эса Олимпиадада иштирок этган кёрлингчи Александр Крушельницкий ва бобслейчи Надежда Сергееванинг аксилдопинг қоидаларни бузганлари билан боғлиқ ҳолатлар асосий сабаб бўлган.