Ўзбекистон | 10:40 / 01.03.2018
10432
2 дақиқада ўқилади

Элёр Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Москвага борди

Фото: МДХМИ

Москвада 27 февраль куни Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати сектор мудири Элёр Ғаниев ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов билан учрашди.

Учрашувда долзарб халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Россия-Ўзбекистон муносабатларининг юқори даражаси ва уни, хусусан таълим соҳасида янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этишди, дея хабар берилган Россия университети сайтида.

Элёр Ғаниев Ўзбекистонда кадрлар тайёрлашда МДХМИ ролини ижобий баҳолади, ҳамкорликнинг кўп йиллик тажрибасини ривожлантириш ва янги йўналишлар бўйича ишларни бошлаш таклифи билан чиқди. Тошкентда МДХМИ филиалининг очилиши бундай йўналишларидан бири бўлиши мумкин.

Ректор, ўз навбатида, Ўзбекистондан келган абитуриентларнинг тайёргарлик даражаси йил сайин ўсиб бораётганлигини қайд этди. 20-25 апрель кунлари МДХМИ Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлиб ўтадиган таълим кўргазмасида яна иштирок этади.

Томонлар қўшма таълим дастурлари ва ҳамкорликнинг бошқа шаклларини яратиш билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан бошлашга келишиб олдилар.

Мавзуга оид