20:40 / 04.03.2018
69342

Қотил тоғлар: Дунёнинг энг даҳшатли 10 тоғ чўққиси

Сервиқор тоғлар ҳар доим инсонларни ўзига жалб қилиб келган. Қанчалик фожиали бўлмасин, тоғларнинг чўққиларини забт этишга йўл олган барча инсонлар ҳам ортига қайтавермайди. Баъзилар бундай қаҳрамонликка даъво қилувчиларни огоҳлантиргандек ана шу чўққиларда абадий қолиб кетади.

Тоғ чўққилари ҳар йили ўнлаб кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Сел оқимлари натижасидаги кўчкилар ва қор кўчкилари, бўрон ва кучли шамоллар - афтидан табиатнинг ўзи одамлар унинг улкан тошларини безовта қилишларини истамайдиган кўринади. Бироқ шунда ҳам навбатдаги чўққига чиқишни хоҳловчилар сони камайгани йўқ. Don'tPanic дунёнинг энг хавфли тоғ чўққилари ўнлиги тўғрисидаги маълумотлари билан бўлишди.

Эверест\Фото: Don'tPanic

Эверест

Жойлашув: Непал, Хитой. Ҳимолай

Баландлиги: 8 848 метр

Эверест – бу замонавий Голгофа. Жасорат билан муздек тоғ чўққиси томон кўтарилишга қарор қилган ҳар бир инсон орқага қайтиш имкони бўлмаслиги ҳам мумкинлигини яхши билади. Бу ҳақида орқага қайтиш насиб этмаганларнинг жасади эслатиб туради. Эверест чўққисига кўтарилган 7 мингдан зиёд одамдан расман 250 киши ҳалок бўлган. Фоизли нисбатда оладиган бўлсак, бу рақамлар у қадар катта эмас, бироқ тоғ чўққиси томон кўтарилаётиб, ўзининг жасоратига ишонганларнинг жасадига кўзингиз тушганида статистика тинчлантира олмайди.

Аннапурна\Фото: Don'tPanic

Аннапурна

Жойлашув: Непал. Ҳимолай

Баландлиги: 8 091 метр

Америкалик альпинист Эд Витуснинг сўзлари Аннапурна учун энг яхши таъриф бўла олади: "Аннапурна бутунлай муз билан қопланган хавфдир. Музли "ўсимталар"га эга бир катта муз бўлаги мисоли. Муаммо кейинги муз бўлагининг қайси томонга бошлашида - олдингами ёки орқага". Чўққини забт этишни истаган альпинистларнинг 40 фоизи унинг ёнбағирларида қолиб кетади.

Монблан\Фото: Don'tPanic

Монблан

Жойлашув:  Франция, Италия. Альп

Баландлиги: 4 695 метр

Монблан ёки Оқ тоғ – Европадаги энг баланд тоғ чўққиси. Монблан тоғи альпинистлар орасида кўтарилиш учун у қадар хавфли жой ҳисобланмайди, бироқ тақдирнинг қандайдир ўйини сабаб у ўлим ҳолати бўйича рекорд даражани қайд этади. Икки асрдан зиёд тарихга кўра, Оқ тоғ қоялари бир неча минг альпинистнинг ҳаётига зомин бўлган - бу бўйича у Эверестни ҳам ортда қолдиради.

Нанга Парбат\Фото: Don'tPanic

Нанга Парбат

Жойлашув: Покистон. Ҳимолай

Баландлиги: 8 126 метр

Эверест альпинистлар орасида машҳур бўлгунига қадар айнан Нанга Парбат альпинистлар ўлими кўрсаткичлари бўйича етакчилик қиларди ва шу сабабли "Қотил тоғ" номини олганди. Бугунги кунга келиб, ушбу тоғдаги ўлим ҳолатлари сезиларли даражада - 5,5 фоизга камайган.

Канченжанга\Фото: Don'tPanic

Канченжанга

Жойлашув: Непал, Ҳиндистон. Ҳимолай

Баландлиги: 8 586 метр

Бу дунёнинг учинчи энг баланд тоғи ҳисобланади. Канченжанга альпинистнинг даҳшатли тушига ўхшайди, зеро бу ерда вақти-вақти билан ноқулай об-ҳаво ҳукмрон бўлади, иш ҳатто кўчкиларгача етиб боради. Фақат 190 нафар довюраккина Канченжанга чўққисига чиқишнинг уддасидан чиққан. Альпинистлар орасидаги ўлим ҳолати эса бу ерда 22 фоизга етади.

К2\Фото: Don'tPanic

К2

Жойлашув: Покистон, Хитой. Карокурум

Баландлиги: 8 614 метр

К2 ёки Чогори тоғи чўққига кўтарилиш учун максимал экстремал шароитлар яратади. Бу тоғ шафқат қилиб ўтирмайди ва хатоларни кечирмайди - унинг чўққисига чиқишга уринган ҳар тўртинчи альпинист ҳалок бўлади. Қишки мавсумда-ку бунинг умуман иложи йўқ.

Эйгар\Фото: Don'tPanic

Эйгер

Жойлашув:  Швейцария, Альп

Баландлиги: 3970 метр

Эйгер чўққилари у қадар баланд бўлмаса-да, дунёнинг энг хавфли тоғларига киради. Уни яна "одамхўр" деб ҳам аташади. Доимий ўзгарувчи ҳаво ва қоялар орасидаги катта фарқ мисли кўрилмаган муаммоларни келтириб чиқаради. Бир ярим асрлик тарих давомида чўққи 65 кишининг умрини хазон қилган.

Фицрой\Фото: Don'tPanic

Фицрой

Жойлашув:  Аргентина, Чили. Патагония

Баландлиги: 3 359 метр

Ушбу улуғвор гранит чўққи бир вақтнинг ўзида ҳам энг кам забт этилувчи, ҳам дунёнинг энг хавфли чўққиларидан бири ҳисобланади. Бу тоғ чўққиси бир йилда фақат бир мартагина муваффақиятли забт этилади. Альпинистнинг олдида бирйўла икки муаммо туради: биринчидан, чўққига чиқиш учун қоянинг 600 метр баландлигини босиб ўтиш керак, иккинчидан эса, ҳафталаб давом этиши мумкин бўлган ёғингарчилик қоялар бўйлаб ҳаракатланиш истагини умуман йўққа чиқариши мумкин. Бундан ташқари, Фицройга фақат жанубий ярим шардаги ёз ойлари - декабрдан февралгача бўлган вақт оралиғида кўтарилиш мумкин.

Винсон массиви\Фото: Don'tPanic

Винсон массиви

Жойлашув: Антарктида

Баландлиги: 4 892 метр

Антарктида тоғлари кўтарилиш у қадар қийин бўлмаган марра ҳисобланади. 1958 йилдан буён унинг чўққисини 1,5 мингга яқин киши забт этган. Энг қийини - массивнинг ўзига етиш. Антарктида пингвинлар учун яхши жой, бироқ одамларнинг бу ерда музлаш натижасида ҳаётдан кўз юмиши ҳеч гап эмас.

Маттерхорн\Фото: Don'tPanic

Маттерхорн

Жойлашув: Швейцария, Италия. Альп

Баландлиги: 4 478 метр

Альпдаги забт этиш учун энг мураккаб бўлган чўққилардан бири - унинг шимолий қояси бўлиб, у умуман етиш имкони бўлмаган ва техник жиҳатдан забт этиш энг қийин бўлган чўққи ҳисобланади. Тез-тез кузатилувчи сел оқимлари ва тошларнинг қулаши ҳам унга кўтарилишни янада мураккаблаштиради. Шундай бўлса-да, 1865 йилда Маттерхорн чўққиси бирйўла икки марта забт этилган. Бироқ тўрт кишидан иборат биринчи гуруҳ вакиллари троснинг узилиши натижасида ҳалок бўлишган.

Top