Жаҳон | 18:43 / 06.03.2018
7167
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон туризмнинг ЯИМдаги ҳиссасини 8 фоизга етказмоқчи

Фото: Anadolu

Қозоғистон 2025 йилга бориб туризмнинг мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)даги ҳиссасини 1 фоиздан 8 фоизга оширмоқчи. Республика маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳаммад ўғли шундай баёнот билан чиқди. 

Унинг сўзларига кўра, 2017 йилда туризм Қозоғистон иқтисодиётидаги асосий олти сектордан бирига айланди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам халққа қилган мурожаатида туризм иқтисодиёт ривожининг муҳим манбаи эканини таъкидлади. "Ўтган йили туризм секцияси концепцияси янгиланди. Биринчи марта туризм саноатини давлат миқёсида бошқарувчи Қозоғистон миллий туристик компанияси фаолияти йўлга қўйилди. Компания мақсади ички ва ташқи бозорда туризмни ривожлантириш", дейди Қозоғистон маданият ва спорт вазири. Унинг таъкидлашича, мамлакат Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва АҚШ ўртасидаги асосий сайёҳлар оқими учун транзит зонага айланиши мумкин. 

Ўзбекистонда ҳам туризмни ривожлантиришга доир ишлар фаол кечмоқда. Мамлакатда нафақат ташқи, балки ички туризмни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,5 миллиондан зиёдни ташкил қилган. Бу 2016 йил натижаларига кўра 24,3 фоизга кўпдир. Сайёҳлик хизматлари экспорти эса 2016 йилга нисбатан 24 фоизга ошган бўлиб, 1,5 миллиарддан ортиқ кўрсаткични қайд этган. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга энг кўп келаётган сайёҳлар оқими Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Туркманистон, Туркия ва Корея Республикаси ҳиссасига тўғри келади. 

Мавзуга оид