10:32 / 06.03.2018
10032

Спортда истеъдодли ёшларни саралаш бўйича устувор йўналишлар белгиланди

Фото: UZA

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармон билан қуйидагилар оммавий спортни ривожлантириш ва истеъдодли ёшларни саралаш (селекция) соҳасида таълим муассасаларининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

мактабгача таълим муассасаларида – бошланғич гимнастика ва ҳаракатли ўйинлар бўйича машғулотлар олиб бориш орқали жисмоний ривожлантириш ҳамда саломатликни мустаҳкамлаш учун тарбияланувчиларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига қизиқишни шакллантириш;

умумтаълим мактабларида – ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик минтақавий спорт мусобақаларида иштирок этиш учун синфдан ташқари спорт тўгараклари ва секциялари машғулотларини ташкил этиш (ҳафтасига камида 4 соатдан);

ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида – ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт тури бўйича тренерларни жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик минтақавий ҳамда республика спорт мусобақаларида иштирок этиш учун олимпия ва миллий спорт турлари бўйича синфдан ташқари спорт тўгараклари ҳамда секциялари машғулотларини ташкил этиш (ҳафтасига камида 6 соатдан);

олий таълим муассасаларида – истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалари ҳамда республика олий спорт маҳорати мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ва миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ҳамда жамоаларини ташкил этиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) ҳамда олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси ва кафедра мудири лавозимларига халқаро даражадаги спорт мусобақалари ғолиблари тайинланиши мумкин;

давлат мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари,
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари (кафедра мудирлари)ни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Вазирлик томонидан олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этиладиган танлов натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан амалга оширилади;

жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктор ва кафедра мудирлари)нинг иш фаолияти самарадорлигини баҳолаш ўқувчи (талаба)ларни жисмоний ва касбий тайёргарлиги ҳамда улар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаш (селекция)да, энг аввало, эришилган аниқ натижаларни ҳисобга олган рейтинг тизими асосида амалга оширилади; 

жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор ва кафедра мудирлари)ни моддий рағбатлантириш улар фаолиятининг шахсий кўрсаткичларини рейтинг тизимида баҳолашга асосан амалга оширилади;

туман (шаҳар) спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларининг ягона календарь режалари тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади;

умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари ўртасида ўтказиладиган спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларини ҳамда иштирокчиларни кийим-кечак билан таъминлашни молиялаштириш тегишлилиги бўйича “Ёшлик”, “Баркамол авлод” ва “Талаба” жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳисобидан амалга оширилади.

Белгилаб қўйилишича:

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси олимпия спорт турлари бўйича спортчилар, тренерлар ва бошқа спорт мутахассисларини тайёрлаш ҳамда олимпия спорт турларини ривожлантириш қисми бўйича жисмоний тарбия ва спорт субъектлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Вазирликнинг олимпия спорт турларини ривожлантиришга масъул бўлинмалари раҳбарлигига номзодлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси билан мажбурий равишда келишилади;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари олимпия захиралари махсус мактаб-интернатлари раҳбарларини танлаш, тайинлаш ва аттестация қилишда, мазкур мактабларга йўналишлар бўйича қабул қилиш квоталарини келишишда ҳамда спортчиларни халқаро спорт мусобақаларига юборишда иштирок этади;

Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш доирасида спорт федерация (ассоциация)лари учун ажратилаётган ҳомийлик маблағлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида жамланади ҳамда спорт федерация (ассоциация)лари фаолиятини мақсадли молиялаштиришга, шу жумладан етук хорижий спортчи ва тренерларни жалб қилиш учун сарфланади;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Вазирлик билан ҳамкорликда юқори малакали хорижий спортчи, тренер ва бошқа мутахассисларни олимпия тайёрлаш марказлари, спорт федерация (ассоциация)лари ва бошқа спорт ташкилотларининг ўқув-машғулот жараёнларига кенг жалб қилишни таъминлайди.

Қуйидагилар ташкил этилади:

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида универсал олимпия тайёргарлиги ва халқаро мусобақалар ўтказиш маркази;

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Азия-Чимган” меҳмонхонаси негизида миллий терма жамоалар учун универсал олимпия тайёргарлиги маркази;

Жиззах вилояти Зомин туманида “Алоқачи” соғломлаштириш оромгоҳи негизида гимнастика спорт тури бўйича олимпия тайёргарлиги маркази;

Наманган вилояти Чортоқ туманида сержантлар тайёрлаш мактаби негизида спорт ўйинлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази;

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида “Гулнора” соғломлаштириш оромгоҳи негизида спорт яккакурашлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилаётган марказлар тасарруфида бўлган вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу объектларни барча бино ва иншоот мажмуалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси тасарруфига беғараз ўтказилишини таъминлайди.

Top