Спорт | 15:04 / 31.12.2025
2309
2 дақиқада ўқилади

Спорт соҳасида олий маълумотли ходимлар улуши 85 фоизга чиқарилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида миллий терма жамоалар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва спорт тизимини замонавий бошқарув асосида ривожлантириш мақсадида кадрлар салоҳиятини кучайтириш чоралари белгиланган. Лойиҳада спорт соҳасида олий маълумотли ходимлар улушини 85 фоизга етказиш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва электрон бошқарув тизимларини оммалаштириш режалаштирилмоқда.

Стратегия лойиҳасига мувофиқ, миллий терма жамоаларга юқори малакали ва натижадор спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари кучайтирилади. Шу доирада спорт соҳасида олий маълумотли ходимлар улушини 85 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунда мураббийлар, методистлар, спорт менежерлари, тиббий-реабилитация мутахассислари ва бошқа йўналишлардаги кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилади.

Лойиҳада кадрлар билан бир қаторда спортчилар захирасини ҳам кучайтириш кўрсаткичлари белгиланган: разрядли ва унвонли спортчилар сонини 25 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Бу мақсадлар умумий ҳолда терма жамоалар рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро майдонларда натижаларни яхшилашга қаратилган.

Соҳани ривожлантиришни илмий асослаш мақсадида спорт соҳаси бўйича илмий тадқиқот ва изланишлар сонини 140 тага етказиш ҳам назарда тутилган. Бу йўналиш спорт тайёргарлиги методикаси, спорт тиббиёти, реабилитация, спорт психологияси, юклама ва тикланиш жараёнларини таҳлил қилиш каби соҳаларда амалий ечимларни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бошқарув самарадорлигини ошириш учун ERP sport электрон бошқарув тизимида нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари сонини 360 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу орқали спорт инфратузилмаси, кадрлар, тадбирлар ва бошқа жараёнларни ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилади.

Стратегия лойиҳасида белгиланган мазкур чоралар спорт соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тайёргарлик жараёнларини замонавий илм-фан ва бошқарув ёндашувлари асосида йўлга қўйиш ҳамда миллий терма жамоаларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид