Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармон билан қуйидагилар оммавий спортни ривожлантириш ва истеъдодли ёшларни саралаш (селекция) соҳасида таълим муассасаларининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

мактабгача таълим муассасаларида – бошланғич гимнастика ва ҳаракатли ўйинлар бўйича машғулотлар олиб бориш орқали жисмоний ривожлантириш ҳамда саломатликни мустаҳкамлаш учун тарбияланувчиларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига қизиқишни шакллантириш;

умумтаълим мактабларида – ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик минтақавий спорт мусобақаларида иштирок этиш учун синфдан ташқари спорт тўгараклари ва секциялари машғулотларини ташкил этиш (ҳафтасига камида 4 соатдан);

ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида – ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт тури бўйича тренерларни жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик минтақавий ҳамда республика спорт мусобақаларида иштирок этиш учун олимпия ва миллий спорт турлари бўйича синфдан ташқари спорт тўгараклари ҳамда секциялари машғулотларини ташкил этиш (ҳафтасига камида 6 соатдан);

олий таълим муассасаларида – истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалари ҳамда республика олий спорт маҳорати мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ва миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ҳамда жамоаларини ташкил этиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) ҳамда олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси ва кафедра мудири лавозимларига халқаро даражадаги спорт мусобақалари ғолиблари тайинланиши мумкин;

давлат мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари,
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиқлари томонидан амалга оширилади;