12:53 / 07.03.2018
17125

Ўзбекистон ва Тожикистон электр энергияси бўйича келишувга эришди

Фото: News.tj

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасида ҳукуматлараро комиссия мажлиси баённономаси бандларини бажариш бўйича ишчи комиссия йиғилиши давомида Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги билан Тожикистондан Ўзбекистон Республикасига 2018 йил вегетация даврида ўзаро фойдали техник-иқтисодий шартлар бўйича 1,5 млрд. кВт∙соатгача бўлган миқдорда электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида келишувга эришилди. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Тожикистондан Ўзбекистонга 2018/2019 йилларнинг қишки мавсумда электр энергиясини етказиб бериш қўшимча равишда кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Asia-Plus агентлиги Тожикистоннинг «Барки Точик» холдинг компанияси раҳбари Мирзо Исмоилзода Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш бўйича техник қийинчилик борлиги ҳақида маълум қилганини ёзганди. Исмоилзоданинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасида имзоланган келишув ёз мавсумида Ўзбекистонга 1,5 миллиард киловатт-соат ҳажмда электр энергияси етказиб беришни назарда тутади. Шу билан бирга, у музокаралар давом этиши ва муаммолар техник жиҳатдан мавжудлиги ҳамда ҳозирги пайтда мутахассислар томонидан ҳал қилинаётганлигини таъкидлаб ўтганди. Нашрнинг ёзишича, муаммо шундаки, 2009 йилда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ягона энергетик ҳалқадан чиқиб, Тожикистон ва Туркманистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги электр узатиш линияларини олиб ташлади. Айни пайтда электр узатиш линияларини тиклаш бўйича ишларни амалга ошириш керак.

Top