Жаҳон | 00:30 / 10.03.2018
5459
2 дақиқада ўқилади

Бельгияда сифатсиз гўшт маҳсулотлари билан боғлиқ можаро чиқди

Фото: Leon Neal

Бельгияда сифатсиз ва муддати ўтиб кетган гўшт маҳсулоти билан боғлиқ можаро чиқди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Дени Дюкарм ва Озиқ-овқат хавфсизлиги федерал агентлиги (AFSCA) кўрсатмасига кўра, қийма ишлаб чиқаришга ихтисослашган Veviba компаниясининг маҳсулотлари дўкон пештахталаридан олинди.

Маълум қилинишича, бу чора Вервье шаҳрида гўшт маҳсулотини нимталаш ва музлатиш жараёнида истеъмолчилар саломатлигига зарар етказувчи қоидабузарликлар аниқланганидан кейин кўрилган.

Жумладан, Бельгияда хом ҳолда тановул қилинадиган “америкен” фаршида ишлаб чиқариш ва одам истеъмоли учун тақиқланган гўшт чиқиндилари аниқланган. Бундан ташқари, компания гўштларнинг музлатилиши санаси ҳақида нотўғри маълумотларни кўрсатган.

Сифатсиз қиймани истеъмол қилиш оқибатида ич бузилиши юз берганларга зудлик билан шифокорларга мурожаат қилиш тавсия қилинган.

Veviba ҳиссасига Бельгияда ишлаб чиқарилувчи гўшт маҳсулотининг учдан бири тўғри келади. Санитар-эпидемиологик талаблар бузилгани сабабли компаниянинг лицензияси вақтинчалик қайтариб олинган.

2017 йил июль-августда Бельгия ва Европа Иттифоқининг 24 та давлатида дўкон пештахталарида фипронил зарарли моддаси билан заҳарланган тухум ва маҳсулотлар пайдо бўлиши билан боғлиқ “тухум инқирози” авж олганди.

Мутахассислар бу моддани сақловчи тухумларнинг кўп миқдорда истеъмол қилиниши саломатлик учун хавфли эканидан огоҳлантиришган. Сифатсиз маҳсулот йўқ қилиниши оқибатида ишлаб чиқарувчилар ўнлаб миллион евро зарар кўришган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид