Жамият | 16:40 / 11.03.2018
78772
5 дақиқада ўқилади

Туркиялик тадбиркорнинг Ўзбекистонда фаолиятини тугатишига нима сабаб?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонга хорижий сармоядорларни ром этиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш муҳим вазифага айланган бир паллада, туркиялик ишбилармон Шамил Динжел бу ердаги фаолиятини тугатиши мумкинлигини билдирмоқда. Гап шундаки, у «Сеташ кимё» компаниясининг Тошкентдаги филиал заводига раҳбарлик қилади, аммо Шамил «​қилинаётган ишдан фойда эмас, балки зарар кўришни​ бошлагани»​ ҳақида гапириб берди.

«Авваламбор, мен билан суҳбатлашганингиз учун миннатдорлигимни изҳор этаман. Негаки, мени қийнаб турган масала билан на мутасадди вакиллар, на ҳукуматнинг иши бор. Мурожаатларим енгил-елпи, юзаки ўрганилмоқда. Мен 60 йиллик тажрибага эга, жаҳон бозорида мустаҳкам ўринни эгаллаган компания вакили сифатида Марказий Осиёда ягона бўлган пигмент ва кимёвий ранг унсурларини ишлаб чиқарувчи заводни Тошкентда қурилишига бош-қош бўлдим», деб сўзини бошлайди у.

Маълум қилинишича, 2017 йилнинг ўзида ўзбекистонлик тадбиркорлар сифатли пигмент харид қилиш учун Туркияга ташриф буюриб, 900 тонна хом-ашё маҳсулотини импорт қилган. Бу кўрсаткичнинг янада ортиши, минтақада трикотаж-тикув маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарурий хом-ашёлар мавжудлиги соҳа келажагини белгилаб беради.

«Биз харидорларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида Марказий Осиёда компаниямиз филиалини ташкил этишга қарор қилдик. Бундан ташқари, Тошкентдан туриб, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш салоҳиятига эгамиз», деб сўзида давом этади у.

Динжелнинг айтишича, фаолияти бошланганига эндигина 1 ой бўлган заводнинг тез орада ёпилиб кетишига асосий сабаб - соҳа фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларда инобатга​ олинмаган айрим ҳолатлар.

Масалан, 2016 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг «​2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»​ги қарорида мазкур саноатни модернизациялаш, диверсификациялаш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш ва яна бир қатор вазифаларни бажариш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилганди. 

Қарорнинг 14-бандида таъкидланишича, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 2020 йилнинг 1 январига қадар турли солиқ ҳамда божхона имтиёзлари, преференциялар берилди. Шунингдек, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом-ашё ва материаллар, шу жумладан, тасдиқланган рўйхат асосида импорт қилинувчи ускуналар, бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод этилган.

Масаланинг моҳияти шундаки, «Сеташ кимё» компанияси маҳсулотлари аҳоли истеъмол қиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланмайди. Чунки компания импорт қилиши зарур бўлган хом-ашёлардан кимёвий унсурлар, ранг ва пигментлар тайёрланади. Кўриниб турибдики, буни ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, дейиш мантиққа зид. Аммо ўзбекистонлик ишбилармонлар айнан Туркияга қатнаб, бож тўловисиз пигмент ва ранг бўёқларни трикотаж-тикув маҳсулотларини тайёрлаш учун импорт қилмоқда. Ваҳоланки, бу Ўзбекистонда ҳам мавжуд.

«Барчасининг асл сабаби: биз хом-ашёни импорт қила туриб бож тўлашимиз, маҳаллий тадбиркорлар эса тўламайди. Биз ишлаб чиқарган маҳсулот тан нархи мутаносиб равишда қимматлашган. Бу ҳолатда икки хил ёндашув мавжуд: биз ҳам хом-ашё импорт қилишимизда алоҳида имтиёзларга эга бўлишимиз керак. Ёки ички бозордаги харидорларимиз хом-ашёни импорт қилишда бож тўловини амалга ошириши талаб этилади», деб фикрини билдирди турк тадбиркори.

Шамилнинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни четдан олиб кириш мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтирмайди. Қолаверса, бу хом-ашё материаллари йирик саноатни кучлантирувчи аҳамиятга эга.

«Биз хом-ашё учун импорт божини тўлаб, пигмент ишлаб чиқаряпмиз. Маҳаллий ҳамкорларимиз эса компаниянинг Туркиядаги бўлимларидан тайёр хом-ашёни харид қилиб, бож тўловисиз импорт қилмоқда. Демак, биз Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетсак ҳам бўлади. Туркиядан туриб, экспорт ҳажмини ошириш мақсадга мувофиқ бўлиб қолди», деб фикрини якунлади у.

Барчани ўйлантириб қўйган вазият шундаки, иқтисодиёт - тирик организм, унга қандай муомала қилсангиз, шундай акс жавобни қайтаради. Улгуржи хом-ашёни бож тўловисиз импорт қилиш ўрнига маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйган фойдали эмасми? Ёки маҳаллий пигмент ишлаб чиқарувчи тадбиркорга ҳам имтиёз тақдим этилар? Ўйлаймизки, Ўзбекистон ҳукумати айни вазиятга ўз вақтида муносабат билдиради.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид