Ўзбекистон | 10:35 / 13.03.2018
29876
4 дақиқада ўқилади

Ҳокимлик улар қамалмаслигига ваъда берди, адашганлар қайтадими?

Фото: Kun.uz /Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев

Самарқанд вилояти ҳокимлигида махсус қидирувдаги фуқароларнинг яқин қариндошлари билан вилоятда амалга оширилаётган ишлар масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ҳокими, диний ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоят прокуратураси, миллий хавфсизлик, ички ишлар, давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Нуроний», «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ёшлар бўйича ўринбосарлари, ёшлар, махсус ҳисобда турувчи шахсларнинг яқинлари ва бошқа идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошқариб борди ва ўз сўзида юртимизда, хусусан, вилоятда юз бераётган ижобий ўзгаришларга тўхталиб ўтди.

— Бугунги кунда юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ва бошқа бир қатор эзгу ишлардан барчангиз хабардорсиз, — деди вилоят ҳокими ўз сўзида. — Йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларга Президентимиз бошчилигида барҳам берилмоқда. Вилоятимизда ҳам аҳоли муаммоларини ҳал этиш, уларга янада фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш борасида қамровли ва тизимли ишлар амалга ошрилмоқда. Бу юртда ҳар бир фуқаронинг яхши яшашга ҳақи бор. Афсуски, юртимизда эришилаётган шундай ютуқлар, тинчлик ва осойишталикни қадрига етмай турли диний оқимлар сафига қўшилиб, ўзга юртда юрганлар, адашган фуқароларимиз ҳам бор. Бунинг энг катта сабаби ишсизликдир. Ишсиз бўлган инсон пул топишнинг бошқа йўлларини излайди ва бундан ғаразли ниятли кимсалар фойдаланиб қолади. Адашган фуқароларимизни қайтаришга, тўғри йўлга солишга барчамиз масъулмиз. Мен йиғилишда иштирок этаётган махсус ҳисобда турувчиларнинг яқинларига мурожаат қилмоқчиман. Агар улар билан алоқангиз бўлса, айтинг, қайтишсин. Вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч қайсини қамамаймиз. Президентмизнинг топшириғи бу. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса бу борада ҳам ёрдам берамиз.

Таъкидланишича, вилоятда ички ишлар махсус ҳисобда турган 1749 нафар фуқаронинг 1625 нафари ўтган бир ярим йил давомида махсус ҳисобдан чиқарилган. Қолган 124 нафари турли хорижий давлатларда қолмоқда. Шулардан 12 нафарининг жинояти тегишли идоралар томонидан ўрганиб чиқилиб, улар юртига қайтиши бўйича профилактик чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шу боис йиғилишга ҳам ана шу ўн икки нафар адашган фуқароларнинг яқинлари таклиф этилди.

— Бир ярим йил давомида махсус ҳисобдан чиқарилган фуқароларга амалий ёрдамлар берилди, — дейди Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи У.Мирзаҳмедов. — Тадбикорлик қилишни истаганларига имтиёзли кредитлар ажратилди. Кам таъминланганларига моддий ёрдам кўрсатилди, ишсизлари иш билан таъминланди. Саломатлигини тиклаш ва даволанишлари учун барча шароитлар яратилди.

Йиғилишда вилоят прокурори Ф.Зуфаров, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов сўзга чиқиб, адашган ва ўзга юртда қочиб юрганларнинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий оқибатлари, ўз ихтиёрлари билан қайтишса, уларга бериладиган қонуний енгилликлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, махсус ҳисобда турувчи фуқароларнинг яқинлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир давомида турли диний оқимларга кириб, тақдири аянчли якунланган ва хор-у зор бўлиб юрган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи «Адашганлар» номли фильм намойиш этилди.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ

Мавзуга оид