11:00 / 14.03.2018
8269

Америкалик Афғонистонда терактлар содир этмоқчи бўлгани учун 45 йилга қамалди

Фото: Lucas Jackson/Reuters

Америка Қўшма Штатлари фуқароси Муҳанад Маҳмуд Ал-Фарок «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи билан ҳамкорлик қилгани ва Афғонистонда америкалик ҳарбийларга қарши терактлар содир этишга тайёргарлик кўргани учун 45 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги сайтида хабар қилинади.

«Ўттиз икки ёшли Муҳанад Маҳмуд Ал-Фарок бугун 45 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳьюстондан бўлган ушбу шахс 2017 йилнинг 29 сентябридан иш бўйича суд жараёни якунида шундай жазога тортилди, у етти йил давомида содир этган террорчилик жиноятларида айбланди», - дея хабар берилади Адлия вазирлиги сайтида.

Ал-Фарок айбловнинг тўққизта моддаси бўйича айбдор деб топилди. Улар орасида америкалик ҳарбийларни ўлдириш мақсадида тил бириктириш, оммавий қирғин қуролидан фойдаланиш ва террорчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тил бириктириш бор.

Тергов маълумотларига кўра, Ал-Фарок Покистонга 2007 йилда жўнаб кетиб, «Ал-Қоида» сафига бориб қўшилган. Бундан ташқари, у 2009 йилда Афғонистоннинг Чапманида америкалик ҳарбийлар базасига уюштирилган ҳужумда қўлланган портловчи қурилмани тайёрлашга алоқадор бўлган.

Top