Спорт | 16:30 / 14.03.2018
6396
4 дақиқада ўқилади

Джеко-пот. «Рома» ниҳоят чорак финалда

Римликлар нимчорак финалнинг жавоб ўйинида босниялик футболчининг ягона голи эвазига ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқишди.

РОМА – ШАХТЁР – 1:0 (0:0)
Гол: Джеко, 52.
«Рома» (Рим): Алиссон, Флоренци, Манолас, Фасио, Коларов, Наингголан, Де Росси, Стротман, Денгиз Ундер (Жерсон, 65), Джеко (Эль-Шаарави, 89), Перотти.
«Шахтёр» (Донецк): Пятов, Бутко, Ордец, Ракицкий, Исмаили, Марлос (Дентинью, 82), Фред, Степаненко (Патрик, 74), Тайсон, Бернард, Феррейра.
Огоҳлантиришлар: Флоренци, 39. Манолас, 54. Степаненко, 71. Фред, 76. Феррейра, 80.
Четлатиш: Ордец, 79.
Ҳакам: Ундиано Мальенко (Испания).
13 март. Рим. «Стадио Олимпико».
Биринчи ўйин - 1:2.

Мончининг тавқи лаънати
«Рома» - «Шахтёр» ўртасидаги жавоб баҳсидан олдин барча бу сафар афсонавий спорт директори, 1 йил муқаддам Андалусиядан Римга келган Мончи билан боғлиқ статистикани муҳокама қила бошлади. У турнирнинг нимчорак финалида «Севилья» билан 3 марта ўйнаган ва 3 сафар ҳам чорак финалга чиқа олмаганди. Андалусияликлар 2007-08 йилги мавсумда «Фенербаҳче»га, 2008-09 йилги мавсумда ЦСКАга, 2016-17 йилги мавсумда «Лестер»га ютқазганди. Унинг совринлар бурчагида иккита УЕФА Кубоги ва 3та Европа Лигаси Кубоги бор, аммо у жамоаси билан ЕЧЛнинг чорак финалига ҳам чиқа олмаганди.

Узоқ кутилган ғалаба
Мончига алоқадор бўлмаган ҳолда Римда ҳам халқаро турнирлардаги катта ғалабаларни узоқ вақт кутиб қолишганди. Охирги марта римликлар Европа Чемпионлар лигаси чорак финалига 10 йил муқаддам, 2007-08 йилги мавсумда чиқишганди. Ўз навбатида «Шахтёр» ўз тарихида бу босқичда фақат бир марта ўйнаган, ўшанда ҳам, 2011 йил баҳорида нимчорак финалда айнан «Рома» тўсиғидан ўтилганди. Икки жамоадан бири сешанба оқшомида муваффақитсизликка чек қўйиши керак эди ва бу «Рома» бўлди.

Сафарда ҳам ўз уйингдагидек
Римдаги ўйиннинг биринчи бўлимида украинлар тўла устунлик қилишди. «Рома» сафарда гол ура олгани туфайли ўз уйида минимал ҳисобдаги ғалаба эвазига кейинги босқичга чиқиши мумкинлигини ҳисобга олиб, биринчи навбатда гол ўтказмасликка ҳаракат қилди. Ўйиннинг дастлабки қисмидаги 20 дақиқада римликлар рақиб жарима майдончасига яқинлашишмади. Фақат биринчи бўлим охирида майдон эгаларида фаоллик кузатила бошланди.

Стротманнинг доҳиёна паси
Римликлар танаффусдан кейин жиддийроқ ҳаракат қила бошлашди. Де Росси финт қилиб, бир неча рақибни доғда қолдирди ва ундан тўпни қабул қилиб олган Стротман кутилмаган пас билан Джекони Пятов билан яккама-якка ҳолатга чиқарди, босниялик футболчи эса тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан аниқ ўтказди. У ўйинда яна гол уриши мумкин бўлганди, аммо ҳисоб ўзгармади.

Ўйин якунлана борган сари украиналикларнинг асаблари бардош бермай қола бошлади ва Ордец Джекога ишлатган қўполлиги туфайли майдонни эрта тарк этди. Ўйин охирида камчилик бўлишига қарамасдан меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришга уринишди ва тинмай ҳужум қилишди, аммо Мончининг тавқи лаънати тугаб бўлганди. Рим 10 йил ичида илк марта Чемпионлар лигаси чорак финалига чиқди.

Название

Мавзуга оид