Спорт | 14:12
2035
11 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда сўнгги тур: кимга қандай натижа керак?

Бугун кимлар плей-оффга тўғридан тўғри ўтиши, кимлар ўтиш ўйинларига қолиши маълум бўлади. «Барселона» ва «Сити» кучли саккизликдан ташқарида қолиши, «Наполи» эса умуман плей-оффга чиқа олмаслиги мумкин. Конте жамоаси «Челси»га қарши ўйнашига тўғри келади. Фақат тўрт клубда ҳеч қандай мотивация қолмаган.

Фото: Getty Images

Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасида умумий гуруҳ босқичи якунланади. Якуний тур ўйинлари (биратўла 18 ўйин) нафақат бир кунда, балки бир вақтда ўтказилади. Умумий гуруҳ босқичи якунларига кўра 36 клубдан 24 таси соврин учун курашни давом эттиради.

ЕЧЛ формати ҳақида

Чемпионлар лигаси иккинчи мавсумдирки, янгиланган форматда бўлиб ўтмоқда. 36 клуб, умумий турнир жадвали, Саккиз тур якунларига кўра 24 клуб гуруҳдан чиқади. Кучли саккизликдан ўрин олиш – катта имтиёз беради. Биринчидан, бу жамоалар тўғридан тўғри 1/8 финалга ўтишади. Тиғиз тақвимда – иккита қўшимча ўйин минус бўлиши ҳар қандай клуб учун фойдали. Иккинчидан, бу жамоалар 1/8 финалда жавоб ўйинларини ўз стадионида ўтказади.

Жамоалар якуний жадвалда қанчалик юқорида жойлашса, плей-оффда жавоб ўйинларини ўз уйида ўтказиш имконияти ошади. 1-4-ўринлардаги жамоалар нафақат 1/8 финалда, балки чоракфиналда ҳам (агар бу босқичга чиқа олса) иккинчи ўйинни ўз майдонида қабул қилади. Дастлабки икки ўрин соҳиблари эса яримфиналда ҳам жавоб ўйинини ўз майдонида ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади (агар бу босқичга чиқа олишса). Агар бундай имтиёзга эга бўлган клуб ютқазса, имтиёз бу клубни плей-оффдан чиқариб юборган жамоага ўтади.

9-ўриндан 24-ўрингача бўлган жамоалар эса ўтиш босқичида қатнашиши керак. Бу 1/16 финал эмас (жуфтликлар сони 16 та эмас, балки саккизта), аммо 1/8 финалдан олдинги қўшимча плей-офф босқичи ҳисобланади.

Ўтиш ўйинлари 17/18 ва 24/25 феврал кунларига, 1/8 финал – 10/11 ва 17/18 март кунларига белгиланган. Ўтиш ўйинлари учун қуръа ташлаш маросими 30 январда, плей-оффнинг бошқа босқичлари учун қуръа – 27 февралда бўлиб ўтади. Финалга 30 май куни Будапешт мезбонлик қилади.

Ўтиш босқичида ким кимга қарши ўйнайди? 16 клубнинг ҳар бирида фақат иккитадан эҳтимолий рақиб бўлади. Бу ерда барчаси жамоаларнинг турнир умумий гуруҳ босқичида эгаллаган ўрнига боғлиқ.

9- ва 10-жамоа 23- ёки 24-жамоага қарши;
11- ва 12-жамоа 21- ёки 22-жамоага қарши;
13- ва 14-жамоа 19- ёки 20-жамоага қарши;
15- ва 16-жамоа 17- ёки 18-жамоага қарши ўйнайди;

Муайян мисолларда кўриб чиқамиз. Агар умумий гуруҳ босқичи ҳозир якунланган бўлганида, унда тўққизинчи ва ўнинчи ўринлардаги жамоалар (ҳозир бу «Барселона» ва «Спортинг») ўтиш босқичида ёки «Атлетико» (23-жамоа), ёки «Олимпиакос» (24) билан тўқнашган бўларди. Айнан қайси ўриндаги клуб рақиб бўлишини эса қуръа аниқлайди. 1/8 финалда бу тўртлик ғолиблари (икки клуб) ёки «Нюкасл» (7-ўриндаги жамоа), ёки «Челси» (8) билан ўйнайди.

Агар жамоаларнинг очколари тенг келиб қолса, унда қўшимча кўрсаткичларга қаралади.

  • Тўплар нисбати
  • Урилган голлар сони
  • Сафардаги голлар сони
  • Ғалабалар сони
  • Сафардаги ғалабалар сони
  • Рақиблар ишлаган очколар сони*
  • Рақибларнинг тўплар нисбати*
  • Рақиблар урган голлар сони*
  • Интизомий баллар (сариқ ва қизил карточкалар – тўғридан тўғри қизил карточка учун 3 очко, икки сариқ карточкадан кейинги четлатиш учун 3 очко, сариқ карточка учун 1 очко ёзилади)
  • Клуб коэффициенти

Якуний тур арафасидаги вазият

«Арсенал» (21 очко) ва «Бавария» (18 очко)

Бу жамоалар аллақачон 1/8 финални кафолатлаган. «Арсенал»га биринчи ўринда қолиш учун сўнгги турда «Қайрат»га ютқазмасликнинг ўзи етарли бўлади. Лондон клуби ўз уйида ўйнаши ҳисобга олинса, бу уддалаш қийин бўлмаган вазифа. Агар «Арсенал» ютқазса, унда биринчи ўринда қолиши учун «Бавария» ПСВ майдонида ғалаба қозонмаслиги керак бўлади.

Инглизлар жамоаси ўз ўйинида ютқазиб, «Бавария» ўз ўйинида ғалаба қозонса ҳам, биринчи ўринда қолиши мумкин, бунинг учун «Арсенал»да тўплар нисбати яхшироқ бўлиши талаб этилади. Немис клуби Эйндҳовенда очко оладиган бўлса, иккинчи ўриндан пастга тушмаслиги кафолатланган. Умумий гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар финалга қадар ўзаро тўқнашмайди.

«Реал» ва «Ливерпул» – 15 тадан очко

Европанинг икки топ-клуби ЕЧЛ плей-офф босқичида ўйнаши аниқ. Гап улар тўғридан тўғри 1/8 финалга чиқиш ёки чиқмаслигида. Якуний турдаги ғалаба уларга ҳам, ҳозирда топ-8 да турган бошқа жамоаларга ҳам ўрнини сақлаб қолишни кафолатлайди. «Реал» 8-турни сафарда «Бенфика»га қарши ўтказади, «Ливерпул»ни «Қорабоғ»га қарши уй учрашуви кутмоқда. Мадридликлар жамоаси, катта эҳтимол билан, дуранг ўйнаган тақдирда ҳам 1/8 финалга ўтади, чунки ушбу жамоада тўплар нисбати жуда яхши («+11»). «Ливерпул»нинг бу борадаги кўрсаткичи бироз пастроқ («+6»), шунинг учун ушбу жамоа имкон қадар ғалаба қозониши керак бўлади.

«Тоттенҳэм» (14 очко)

АПЛда ишлар ёмонлигига қарамай, Лондон клуби Чемпионлар лигасида яхши иштирок этмоқда. Сўнгги турдаги ғалаба («Тоттенҳэм» сафарда «Айнтрахт»га қарши ўйнайди) инглизларга 1/8 финал йўлланмасини нақд қилади. Дуранг ҳам етарли бўлиши мумкин, бу ҳолда «Тоттенҳэм»га қуйироқда жойлашган бошқа жамоаларнинг ёрдами керак бўлади.

«ПСЖ», «Нюкасл», «Челси», «Барселона», «Спортинг», «Манчестер Сити», «Атлетико», «Аталанта» – 13 тадан очко

«Реал», «Ливерпул» ва/ёки «Тоттенҳэм» очко йўқотиши ушбу клублар учун катта плюс бўлади ва уларнинг ғалаба қозониш орқали нимчорак финалга тўғридан тўғри йўлланмага эа бўлиш имкониятини оширади. Бу жамоалар учун тўплар нисбати муҳим аҳамиятга эга. Айниқса «ПСЖ» ва «Нюкасл» учрашувида интрига катта. Икки жамоа ҳам ўзаро дуранг ўйнаб 1/8 финалга чиқиши мумкин, шу билан бирга, улардан ҳеч бири ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Икки жамоада ҳам тўплар нисбати яхши эканидан келиб чиқиб, ғалаба қайсидир жамоанинг кейинги босқичга тўғридан тўғри йўл олишини таъминлашини айтиш мумкин.

«Спортинг» сафарда «Атлетик» билан, «Челси» – Италияда «Наполи»га қарши ўйнайди, «Барса» уйда «Копенҳаген»ни, «Сити» – «Галатасарой»ни қабул қилади, «Аталанта» эса Белгиянинг «Юнион» клуби майдонига сафар қилади. Агар «Барса» ва «Сити» керакли натижага эриша олмаса, феврал охирида ўтиш ўйинларида қўшимча икки ўйин ўтказишига тўғри келади.

«Интер», «Ювентус» – 12 тадан очко

Италиянинг ушбу икки клуби плей-оффда ўйнаши аниқ. Тўғридан тўғри 1/8 финалда пайдо бўлиш учун эса «Интер» ва «Юве» ўз ўйинларида ғалаба қозонишидан ташқари, ҳозирда 13 тадан очкога эга бўлган саккизта клубдан олтитаси якуний турда ғалаба қозона олмаслигига умид қилиши керак бўлади. «Интер»нинг тўплар нисбати яхшироқ («+6»), бу эса очколар тенг келиб қолганда жамоа фойдасига хизмат қилиши мумкин.

«Боруссия» (11 очко), «Галатасарой» (10) ва «Қорабоғ» (10)

Назарий жиҳатдан бу жамоаларда ҳам топ-8 га кириб олиш имконияти йўқ эмас, аммо амалда улар, катта эҳтимол билан, топ-24 да қолиш ҳақида ўйлашмоқда (бу кўпроқ «Галатасарой» ва «Қорабоғ»га тааллуқли). Агар «Боруссия» биргина очко олса ҳам, ўтиш ўйинларидаги иштирокини таъминлайди. «Галатасарой» ва «Қорабоғ»ни эса сўнгги турда жуда қийин рақиблар (мос равишда «Манчестер Сити» ва «Ливерпул») кутмоқда. Бу жамоалар бу ўйинларда ютқазадиган бўлса, параллел учрашувлар натижасига қараш керак бўлади.

«Марсел», «Байер», «Монако» – 9 тадан очко

Бу клубларнинг вазифаси қуйидагича: сўнгги турда ғалаба қозониш – ва ўтиш ўйинларига ўтиш. «Марсел» сафарда «Брюгге» билан, «Байер» уйда «Вилярреал» билан, «Монако» ҳам уйда «Ювентус»га қарши ўйнайди. Бу жамоаларни дуранг ҳам қониқтириши мумкин, аммо бу турнир жадвалида қуйироқда жойлашган жамоаларга қўшимча умид беради. «Монако» очко йўқотадиган бўлса оғир аҳволга тушиб қолади. Турнир жадвалида қуйироқда жойлашган ва плей-офф учун имконият сақлаб қолаётган олти клубдан бештасида тўплар нисбати яхшироқ.

ПСВ (8), «Атлетик» (8), «Олимпиакос» (8), «Наполи» (8), «Копенҳаген» (8), «Брюгге» (7)

Катта эҳтимол билан, кўп нарсани тўплар нисбати ҳал қилади. «Олимпиакос» айнан шу омил туфайли 24-ўрин учун курашда «Наполи»дан олдинроқда жойлашган. Греклар клуби сўнгги турни Нидерландияда «Аякс»га қарши ўтказади, «Наполи»ни эса «Челси»га қарши шиддатли баҳс кутмоқда. ПСВ уйда «Бавария»ни қабул қилади, «Копенҳаген» – «Барселона» билан ўйнайди (сафарда). «Атлетик» юқорида эсланганидек «Спортинг» билан, «Брюгге» – «Марсел» билан ўйнайди.

Бу жамоаларга сўнгги ўйинда фақат ғалаба керак, ҳатто бу ҳеч нарсани кафолатламаса ҳам, барчаси параллел учрашувлардаги натижаларга боғлиқ бўлади.

«Будё-Глимт», «Бенфика», «Пафос», «Юнион», «Аякс» – 6 тадан очко

Бу ерда барчаси оддий. Бу жамоалар ёки сўнгги турда ғалаба қозониб, ўтиш ўйинлари учун имкониятга эга бўлади, ёки умумий гуруҳ босқичи якунларига кўра турнирни тарк этади.

«Айнтрахт» (4), «Славия» (3), «Вилярреал» (1), «Қайрат» (1)

Ушбу тўрт жамоа плей-оффга чиқишдан умид узган. Сўнгги тур ўйинлари улар учун евромавсумдаги сўнгги ўйинлар бўлиб қолади.

Сўнгги тур ўйинлари:

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид