Чемпионлар лигасининг умумий гуруҳ босқичидаги саккиз турдан еттитаси ўтиб бўлди. Клублар гуруҳ босқичида яна биттадан ўйин ўтказиши керак. Якуний ўйин кунидаги барча учрашувлар бир вақтга, 28 январга белгиланган.

Сўнгги тур арафасида интрига – етарлича. Қуйида шу ҳақда.

Регламент

Ўтган мавсумдан Чемпионлар лигаси формати янгиланганди:

  • 1/8 финалга умумий гуруҳ босқичидан фақат саккиз жамоа тўғридан тўғри йўл олади;
  • 9-24-ўринларни эгаллаган жамоалар плей-оффнинг қўшимча раундига – ўтиш ўйинларига ўтади;
  • умумий гуруҳда эгалланган ўринлар жамоаларнинг плей-оффда сараланишига таъсир кўрсатади. Ўтиш босқичида 9 ва 10-ўринлар билан чиққан жамоалар 23 ва 24-ўринларни эгаллаган жамоаларга қарши, 11-12 – 21-22 билан, 13-14 – 19-20 билан, 15-16 – 17-18 билан ўйнайди;
  • ўтиш раундида жамоалар иккитадан ўйин ўтказади – уйда ва сафарда. Сараланган клублар (9 дан 16-ўрингача) жавоб баҳсларини ўз майдонида ўтказади;
  • ўтиш ўйинларида бир мамлакат вакиллари тўқнаш келишига чеклов йўқ;
  • ўтиш ўйинлари ва 1/8 финалдан олдин қуръа ўтказилади;
  • топ-24 га кира олмаган жамоалар еврокубокларни тарк этади.

Очколар тенг келиб қолганда ким юқорида бўлади?

Агар икки (ва ундан ортиқ) клублар бир хилда очко тўпласа, уларнинг позициялари қуйидаги кўрсаткичларга қараб белгиланади:

  • Тўплар нисбати
  • Урилган голлар сони
  • Сафардаги голлар сони
  • Ғалабалар сони
  • Сафардаги ғалабалар сони
  • Рақиблар ишлаган очколар сони*
  • Рақибларнинг тўплар нисбати*
  • Рақиблар урган голлар сони*
  • Интизомий баллар (сариқ ва қизил карточкалар)
  • Клуб коэффициенти

* Жамоаларнинг гуруҳ босқичидаги барча саккиз рақибининг кўрсаткичлари ҳисобга олинади. Кимнинг рақиблари яхшироқ иштирок этган (кўпроқ очко ишлаган, тўплар нисбати яхшироқ ва ҳоказо) бўлса, ўша клуб турнир жадвалида юқорироқ жойлашади.

Сўнгги тур олдидан ЕЧЛ турнир жадвалидаги вазият